-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Адолат” — ҳуқуқ тарғиботчиси “Lex.Uz”га чет элда бир кунда 100 дан ортиқ (2019 йил, 23 сон)

11.06.2019

Фойдаланувчи мурожаат қилмоқдаҲАР бир фуқаро, хоҳ у ёш, хоҳ кекса бўлсин, ўз ҳаётида ҳуқуқий маслаҳатларга эҳтиёж сезади. Ана шундай вақтда ҳуқуқий мавзудаги китоб ва адабиётлар, шунингдек, ­“Ўзбекистон Респуб­ликаси Қонун ҳужжатлари тўп­лами” расмий нашрида чоп ­этилаётган адабиётлар беминнат маслаҳатгўй бўла олади.

Шу жиҳатдан ҳам юридик ­адабиётлар нафақат ҳар бир давлат идораси ва ташкилоти, балки ҳар бир оиланинг оилавий кутубхонасидан ўрин олиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Зеро, ўзи яшаётган мамлакатнинг қонунчилигини мукаммал билган ва ундаги ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиб борган фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини, бурчларини яхши билади, ҳар бир ишда, муаммоли вазиятларда ҳам шошилмай, оқилона фикр юритади.

Президентимиз томонидан жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Шунинг учун фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб бориш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мус­таҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш долзарбдир.

Биз бугун янгиланаётган мамлакатда яшаяпмиз. Жамиятимиз ҳаётида юз бераётган ўзгариш, шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлардан бирорта соҳа четда қолмаяпти. Матбуот, телевидение, радио ва интернет нашрларида ҳафтасига ўнлаб Фармон ва қарорлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Уларнинг мазмунини тушунарли тилда халққа етказиш эса ҳуқуқий нашрларнинг муҳим вазифаси.

Бугунгача “Адолат” нашр белгиси билан мамлакатимизда 900 га яқин номда қарийб 10 миллион нусха адабиётлар нашр этилиб, аҳолига етказилди. Улар орасида кўп минг нусхада ўзбек, рус тилларида ҳамда лотин алифбосида нашр қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслар, шарҳлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалари, бадиий-детектив китоблар бор.

“Адолат — китоб кунлари” шиори остида Марказ томонидан республика бўйлаб китоб сайллари ўтказилди. Вилоят ва туман адлия бошқармаларида, ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, аҳоли гавжум ҳудудларда ўтказилган кўчма китоб савдо-ярмаркаларида ёшу қари учун бирдек зарур бўлган ҳуқуқий адабиётлар, ижтимоий-сиёсий, бадиий-пуб­лицистик, жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий-детектив, мустақил сабоқлар бўйича китоб­лар ҳамда болалар адабиётлари ўз ўқувчиларини топмоқда.

Нашр этилган ижтимоий аҳамиятга эга, оммабоп адабиётлар ҳақида “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг Telegram, Facebook ижтимоий тармоқларидаги каналларига мунтазам равишда ахборот киритиб борилади.

Бу эса, ҳар бир қабул қилинаётган Фармон, қарор, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқароларга тезкорлик билан етказиш, уларни қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича тушунтиришлар беришда таъсирчан омил бўлаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ­“Lex.Uz” тизимига 2017 йилнинг 25 сентябридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди.

Бугунги кунда “Lex.Uz” тизимида жами 66364 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлиб, улар давлат тили ва рус тилида эълон қилинган. Ҳозирда мазкур ҳужжатларни ўзбек алифбосига асосланган лотин ёзуви ва инглиз тилларида ­эълон қилиш юзасидан амалий ишлар бошланган.

Таҳлиллар натижасида, “Lex.Uz”дан ер шарининг кўп­лаб нуқталарида фойдаланилиши, фойдаланувчиларнинг сони бир кунда ўрта ҳисобда мингдан кўпроқни ташкил этиши аниқланган.

Хусусан, жорий йилнинг май ойига қадар “Lex.Uz”га Россия Федерациясида 108,1 минг, Анг­лияда 12,6 минг, Қозоғистонда 6,7 минг, Украинада 12,4 минг, АҚШда 29,7 минг, Қирғизистонда 3,6 минг, Германияда 6,1 минг, Жанубий Кореяда 3,3 минг, Беларуссьда 2,8 минг, шунингдек, Ўзбекистонда 2 миллион 300 минг фойдаланувчи мурожаат қилганлиги кузатилган.

Ҳозирда “Lex.Uz”нинг Face­book, Telegram тармоғида канал ва ботлари жорий этилган. ­Уларнинг умумий 27 мингдан ортиқ фойдаланувчи аудиторияси мавжуд.

 

Акмал ИНАНБАБАЕВ,

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими