-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Абитуриентлар ДХМлар орқали ҳужжат топширади. Бу йил тартиб қандай бўлади? (219 йил, 24 сон)

19.06.2019

ВАЗИРЛАР Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига биноан айрим олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва жўнатиш вазифаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари Агентлигига юклатилди. Бироқ айни шу масала ­юзасидан абитуриентлардан таҳририятимизга кўплаб саволлар келиб тушаяпти.

Қайси Олий таълим муассасаларига жойлардаги давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топшириш мумкинлиги ва бунинг афзалликлари ҳақида Давлат хизматлари Агентлиги вакили фикр билдирди:

Мақсуд ҚУРБОНОВ,

Давлат хизматлари Агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи:

— Бу йил қуйидаги 5 та Олий таълим муассасаси учун ҳужжатларни барча шаҳар ва туманлардаги давлат хизматлари марказлари орқали топшириш мумкин:

  • Тошкент давлат юридик университети;
  • Қорақалпоқ давлат университети;
  • Гулистон давлат университети;
  • Фарғона давлат университети;
  • Самарқанд давлат университети.

Шу билан бирга, ҳужжатларни университетларга топшириш жа­ра­ёни соддалаштирилди ва бюрок­ратик тўсиқлар бартараф этилди. Масалан, эндиликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинди:

1) 086У-шаклда тиббий маълумотнома;

2) Паспорт нусхаси;

3) 3х4 (6 дона) фотосурат;

4) Канцелярия моллари (папка, конверт, оқ қоғоз ва ҳ.к.);

5) Олий таълим муассаси жойлашган ҳудудга бориб ҳужжат топшириш учун қимматли вақт ва маб­лағ сарфлаш.

Энди абитуриент Давлат хиз­матлари марказига экс­тер­риториал тамойили асосида, бир вақтнинг ўзида учта университетга ҳужжатларни топшириш ­учун ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва Давлат хизматлари маркази ходимларига қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим қилиши кифоя бўлади:

1) Ички ишлар бўлимлари томонидан берилган фуқаролик пас­порти ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (16 ёшгача бўлган шахс­лар учун);

2)Умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланадиган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар учун имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Зарур маълумотларни расмийлаштириб, киритилгандан сўнг Давлат хизматлари маркази ходими абитуриентга асл ҳужжатларни қайтаради ва QR-код (матрицали штрих код) қўйилган сўровномани икки нусхада чоп этиб, абитуриентга беради. Абитуриент маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз имзоси билан тасдиқлайди, бир нусхасини ўзида олиб қолади ва иккинчи нусхасини Марказ ходимига беради.

Бироқ давлат хизматлари кўрсатилгани учун жорий йил битирувчиларидан ҳамда ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди, барча бошқа абитуриентлардан энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида (101 365 сўм) тўлов ундирилади, шунингдек, давлат хизматини олиш учун ЯИДХП, яъни интернет орқали Ягона порталдан мурожаат ­этилганда, абитуриентлар 10 фоизлик чегирмани қўлга киритади.

Абитуриентларнинг ҳужжат топ­ширишига оид бу каби янгиликлар жорий этилишидан олдин чекка ҳудудларда истиқомат қилувчилар ­учун бир қанча муаммоли ҳолатлар бор эди. Масалан, Самарқанд вилоятининг Қўшрабод туманида яшовчи абитуриент Тошкент давлат юридик университети ёки мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларига кириш мақсадида ҳужжатларни топшириш учун бир неч­та мураккаб ва харажат талаб қиладиган босқичлардан ўтиши керак эди. Узоқ йўлни босиб, деярли 1000 километр (икки томон), фақат манзилга етиб бориш учун (бир томон) олтита бекатда алмашишга мажбур бўлган.

Ҳужжатларни энг қулай, хавфсиз ва тежамкор тарзда тақдим этиш

Оддий харажатларни ҳисоблаганда:

Уйидан Қўшрабод тумани марказигача

10 000-15000 сўм

Қўшработ тумани марказидан “Самарқанд” автостанциясигача

15 000-20 000 сўм

“Самарқанд” автостанциясидан Самарқанд-Тошкент «Улуғбек» бекатигача

5 000-10 000 сўм

Самарқанд-Тошкент “Улуғбек” бекатидан “Тошкент” автостанциясигача

50 000-70 000 сўм

“Тошкент” автостанциясидан белгиланган манзилгача

10 000 сўм

Белгиланган манзилдан меҳмонхонагача

10 000-15000 сўм

 

Жами 100 000-150 000 сўм

Бундан ташқари тушлик учун 20 000-30 000 сўм, кечки овқат учун 20 000-30 000 сўм, канцелярия моллари ва фотосуратлар учун 35 000-50 000 сўм, меҳмонхонанинг энг оддий хонаси учун 100 000-150 000 сўм. Умуман олганда, абитуриент 2 кун ва 800 000-1 000 000 сўмгача бўлган маблағни сарфлаб, 1000 километр узоқликдаги масофани босиб ўтар эди.

Бошқарма бошлиғи шу кунларда ижтимоий тармоқларда Вазирлар Маҳкамасининг 468-сонли қарори асосида тасдиқланган маъмурий регламентда давлат хизматлари кўрсатганлик учун алоҳида тўлов ундириш белгиланганлиги ҳақида тарқалган хабарларга шундай муносабат билдирди:

— Барча оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилинишини хоҳлардикки, давлат хизматлари марказлари орқали белгиланган олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлик учун, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди! Яна алоҳида таъкидлайман, айнан абитуриентлар ҳужжатини топшириш бўйича давлат хизматлари кўрсатганлик учун ҳеч қандай тўлов тўланмайди. Регламентдаги баъзи бир тушунмовчиликлар алоҳида ўрганиб чиқилса керак. Ушбу муҳим ўзгаришларнинг барчаси абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига, мамлакатимизнинг турли университетларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни энг қулай, хавфсиз ва тежамкор тарзда тақдим этиш мақсадигагина қаратилган.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадҳия Авазова суҳбатлашди.