-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ихтисослаштирилган филиалга қабул бошланди (инфографика) (2019 йил, 24 сон)

19.06.2019

— Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ­юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 7 февралдаги Қарори қабул қилиниб, Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди.

Филиалда кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дас­тур бўйича қайта тайёрлаш кўзда тутилган.

Бакалавриат таълим йўналишига ­умумий ўрта (11-синф негизида) ёки ўрта-махсус маълумотга эга, cоғлиғининг ҳолати бўйича ички ­ишлар органи ходими ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропис­кага эга Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Ички ишлар вазири ва Миллий гвардияси қўмондони тавсиялари асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган амалдаги ходимлар ва ҳарбий хизматчилардан белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Президент Қарори билан Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар ҳудудларнинг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Тошкент давлат юридик университетининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифаси топширилган эди.

Филиал бакалавриатига қабул квотаси йилига 255 кишини, кадрларни қайта тайёрлаш дастури бў­йича эса ҳар олти ойда 50 кишини ташкил этади.

Бакалавриатга ўқишга кириш ­учун ҳужжат топширадиган талабгорнинг 18 ёшдан кичик ва 25 ёшдан катта бўлмаслиги, шунингдек, бўйининг баландлиги эркаклар ­учун 165 сантиметрдан, аёллар учун эса 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги белгиланган.

Талабгорлардан белгиланган ҳужжатлар ҳар йили, қоида тариқасида 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) Филиал қабул комиссияси томонидан қабул қилинади.

Талабгорларни ўқишга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижасига кўра амалга оширилади.

Филиалда ўқитиш тўлиқ давлат грантлари асосида амалга оширилиб, бакалавриатни тамомлаган битирувчига “Юриспруденция” таълим йўналиши ва “Ҳуқуқбузарлик­лар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича намунадаги диплом ҳамда “Лейтенант” махсус унвони берилиб, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида камида беш йил узлуксиз ­ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Битирувчига беш йил ишлаб бериш мажбуриятини бажариш даврида ойлик иш ҳақи тўланади ҳамда Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида амалда мавжуд имтиёзлар тўлиқ қўлланилади.

Филиалда ўқишнинг ҳарбийлашмаган бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли жиҳатлари қуйидаги инфографикада ўз аксини топган:

Шавкат ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиал Тайёрлаш курслари декани