-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Давлат дастуридаги энг муҳим вазифалар. Буни биласизми? (2019 йил, 24 сон)

19.06.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2019 йил 17 январда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга ­оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони имзоланган эди.

Ушбу Давлат дастурида бир жиҳатдан асосий эътибор инновацион лойиҳалар, инвестиция лойиҳалари асосида мамлакат иқтисодиётини кескин кўтаришга қаратилган бўлса, бошқа томондан аҳолининг барча ижтимоий қатламлари манфаатларини кўзлаш, таълим тизимини юксалтириш, ёшларнинг чуқур билим олиши ва янги лойиҳалар билан чиқиши учун шароит яратиш, ижтимоий ривожланиш, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш масалалари энг муҳим даражага кўтарилган.

Давлат дастурига мувофиқ, 2019 йилда умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг ло­йиҳа амалга оширилиши керак.

Ушбу давлат дастурида белгиланган режалар ва лойиҳаларга эътибор қаратадиган бўлсак, унда иқтисодий масалаларда баъзи оқсоқликларга чек қў­йиш мақсадида принципиал йўналишлар белгиланганлигини кўриш мумкин. Масалан, энди мамлакатимизда инвесторлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этишни таъминлаш мақсадида инвесторлар билан шахсан учрашувлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйила бошланди. Фармон билан 2019 йил 1 мартдан бош­лаб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган “инвестиция визаси” жорий этилганлигини ҳам мамлакатимизга инвесторларни кўпроқ жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Уларга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади ҳамда улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Хорижий инвесторларга бу тариқа кенг имкониятлар яратилиши мамлакатимизда инвестиция муҳитининг янада юксалишига хизмат қилади.

2019 йилги Давлат дастури ва у билан боғлиқ Фармонда мен учун энг мақбул кўринган яна бир жиҳатни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Дастурда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш масаласи кўтарилган. Бунда касбий таълимнинг замонавий механизмлари жорий этилиши, ёшлар ўз малакасини ­ошириши учун уларга таъсирчан рағбатлантирувчи омиллар яратиш кераклиги, касб-­ҳунар коллежлари негизида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида банд бўлмаган аҳоли ва ишсиз фуқаролар учун ўқитиш марказларини ташкил этиш лозимлиги хусусида вазифалар белгиланган. Ҳар бир касб ривожланиши учун, албатта, ўша касбнинг негизи мустаҳкам бўлиши керак ва билимли ёшлар уни юксалтирмоғи лозим. Бунинг учун 2019 йилги Давлат дастурида юқоридаги каби ҳал қилувчи ­асослар келтириб ўтилган. Айни пайтда босқичма-босқич равишда тегишли органлар томонидан дастурда белгиланган вазифалар амалга оширилаяпти.

Ўз вақтида ушбу Фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ­эди. Жамоатчилик муҳокамаси доирасида Давлат дастури лойиҳасига жами 4180 та таклиф келиб тушган. Маълум бўлишича, 200 дан ортиқ фуқароларнинг концептуал ва долзарб таклифларидан Давлат дастури лойиҳасини мазмунан такомиллаштиришда фойдаланилган ҳамда 30 га яқин таклифлар асосида тегишли бандларга таҳририй ўзгартиришлар киритилган. Эндиликда барча бандларда белгиланган вазифалар йил якунига қадар тўлиқ амалга оширилиши юртимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимиз учун кўплаб фаолият жабҳаларида адолатли ва принципиал тизим ўрнатилиши учун долзарб аҳамият касб этади.

 

Дилдора УМАРХАНОВА,

Тошкент давлат юридик университети  “Халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси” доценти, юридик фанлар доктори