-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Деворга осилган сурат (2019 йил, 27 сон)

09.07.2019

ОРИФ бошига тушган савдолардан сўнг маҳалла-кўй, қариндош-уруғларга кўриниш бермай қўйди. Бунга унинг юз-хотири чидамасди. Фақатгина маҳалла четидаги Ҳамдам бобони тез-тез йўқлар, у кишининг суҳбатларини тинглаб зим-зимистон кўнглига қандайдир ёруғлик ингандек бўларди. Аммо бу узоққа чўзилмас, уйга қайтиб келгач, деворда осиғлик суратга термулиб бошини чангаллаганча, яна унсиз йиғлаб ўз-ўзига савол беради. ҚАЧОН, ҚАЕРДА хатога йўл қўйдим?...

Ориф мустақил ҳаётга қадам қўйганда, ­унинг турмуши рисоладагидек эди. Ҳатто, кўпчилик унга ҳавас билан боқарди. Олий маълумотли, ақли расо, касб-корли, топармон-тутармон йигит бўлди. Унга жуфти-ҳалол бўлиб келган Ханифа ҳам эсли-хушли, елиб югурадиган, уйим-жойим, дейдиганлардан чиқди. Улар тўйларидан сўнг бир-икки йил ўтиб, шаҳарга кўчиб кетишди, чунки Орифнинг иши шаҳарда эди. Қолаверса, у ишчанлик қобилияти, тиришқоқлиги туфайли раҳбарлар эътиборига тушиб, мансаб бобида ҳам тез юқорилай бош­лаганди.

Орифнинг фарзандлари Дамин билан Динора ҳам улғайиб мактабга чиқишди. Етишмовчилик, бирон нарсага зориқиш, қийинчиликлар бу оила учун ёт тушунчалар эди. Бўйи-бастига қарасанг, дўппинг ерга тушадиган ҳовли-жой, остона хатлаб чиқсанг хизматингда кўриниши одамни ҳаяжонга соладиган автоулов. Ҳа, аслида буларнинг барчаси Орифнинг истеъдоди ва қобилияти, меҳнати самараси.

Янги йил яқинлашиб қолди. Ориф уйидагиларга нима совға қилса-ю, уларнинг кўнг­лини олса, бир неча кундирки шуни ўйлайди. Пулдан муаммо йўқ, аммо нима олса бўлади? Гап шунда. Хуллас, Янги йил кутиладиган кун ­Ориф ишдан эртароқ чиқди-да, ҳайдовчисига дўкон айланамиз, деди. Ҳайдовчи қатор дўконлар жойлашган кўчалардан секин ҳаракатланар, Ориф эса дўкон пештоқидаги ёзувларни ўқир ва овоз чиқармай нималарнидир гапириб борарди. “ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИ дўкони — бу уйимизнинг ичида ҳам бор, СУТ МАҲСУЛОТЛАРИ дўкони — бундан муаммо йўқ, КИТОБ дўкони — бу билан уйдагиларни хурсанд қилиб бўлармиди? ЭЛИТА ТЕЛЕФОН АППАРАТЛАРИ дўкони — бундан нимадир топса бўлади” ҳайдовчисига машинани шу ерда тўхтатишни буюрди. Ориф дўконга кириб яқиндагина чиққан энг қиммат қўл телефонидан бир йўла тўрттасини харид қилди.

Уларни ҳайдовчисига тутқазар экан: “Оила­вий бир хил телефон ишлатайлик, обрўга яраша”, деди. Машинага келиб ўтирган Орифга ҳайдовчиси: “Майлими, китоб дўконига икки дақиқага кириб чиқсам”, дея хижолатомуз сўради. “Китоб дўконида нима қиласан сен?”, дея сўради Ориф. “Ўғлимга Янги йилга китоб совға қилмоқчи эдим”, деди ҳайдовчи. “Ээ, ҳайда машинани китоб совға қилишга бало борми? Мен сенга ўзимнинг эски телефонимни бераман ­ўшани совға қиласан, хурсанд бўлади”.

Ориф уйига келиб аёли, ўғли ва қизига олган телефонларини Янги йил совғаси сифатида тарқатди. Ҳамма хурсанд, байрам байрамдек бўлди. Айниқса, интернет имкониятларини яхшигина тушуниб қолган Дамин билан Динорага бу совға жуда ёқиб тушди. Чунки қўлларидаги телефон аппаратидан интернетга кириш, ундан фойдаланиш анча қулай эди-да.

Орадан бир-икки йил ўтди. Орифнинг қиш­лоққа бормаганига ҳам анча бўлиб кеттганди, дам олиш куни Ориф фарзандларини олиб ота ҳовлисига жўнади. Тўқсонга бориб қолган Нурали бобо ўғлини бағрига босиб кўришар экан: “Бизни унутиб қўйдингми, деб ўйлагандим”, дея ҳазиломуз гап қотди. Қишлоқда бир ярим кунгина бўлган Ориф отасига “биз энди қайтамиз”, деди. Нурали бобо ўғлининг юзига қаради-да сўнг дастурхонга термулганча: “Ўғлим, анча ўзгарибсан, келганингдан бери мундоқ очилиб суҳбат ҳам қилмадинг, нуқул қўлингдагини чуқалаганинг чуқалаган (телефонни назарда тутмоқда). Ўзи қарасам келиннинг ҳам, невараларнинг ҳам шу нарса қўлидан тушмади”. “Ота бунда имконият кўп-да, хоҳласангиз бутун дунё янгиликларидан хабардор бўласиз, хоҳласангиз чет элликлар билан танишишингиз ҳам мумкин. Хуллас, бунда имконият кўп, ана, невараларингиз ҳам шу орқали кўп нарсаларни ўрганаяпти”.

Нурали бобо ҳовлидаги сўрида оёғини чалиштирганча телефонга термулиб ўтирган неварасига кўз қирини ташлар экан: “Ҳа, шунақа дегин, лекин бунга муккасидан кетиб йўлини йўқотганларни ҳам эшитиб, кўриб юрибмизку. Мана, сени ёшлигингда қўлингдан китоб тушмасди, шунинг учун ўқишга ҳам қийналмасдан кириб, яхшигина касбнинг этагидан тутдинг, мана, бугун еганинг олдингда, емаганинг кетингда. Шунинг учун болаларингни ҳам кўпроқ китобга қизиқтирсанг яхши бўлармиди, дейман-да”.

Ориф оиласи билан шаҳарга қайтгач, одатдагидек эр-хотин ўз иши билан, фарзандлари эса ўқиш билан банд бўлишди. Фақат Дамин сўнгги вақтларда ўқишга номигагина борар, ­асосий вақтини интернет орқали танишган хуфиёна ўртоқлари билан нималарнидир муҳокама қилишга, қандайдир режалар тузишга сарфларди. Ҳатто, кечқурунлари ҳам дастурхон бошига келмай, ўз хонасида интернетни кузатиб ўтирарди. Бу ҳолга на ота, на она хавотирланди. Улар ҳам дастурхон бошида кам гаплашар, гоҳида дастурхон ҳам очиқ қолиб турли хил олди-қочди ижтимоий тармоқ хабарларини “забт” этиш билан шуғулланарди.

Шу зайлда ўтаётган кунларнинг бирида Дамин уйга келмай қолди. Телефони ҳам ўчирилган. Бундан саросимага тушган ота-она таниш-билишларга қўнғироқ ҳам қилиб чиқишди. Аммо Даминдан дарак йўқ. Шу пайт Динора акасининг хонасидан қандайдир хат кўтариб тушди-да ота-онасига акам чет элга чиқиб кетганга ўхшайди, дея қўлидаги хатни кўрсатди. Ориф хатни олиб ўқиди-ю ранги ўчиб, деворга суянганча икки қўли билан бошини чангаллади. Нима қилиб қўйдим?...

Дамин ота-онасига шундай хат қолдирган эди: “Дада, ойи, мен сизларни яхши кўраман, фақат сўнгги йилларда оиламиздаги муҳит мени зериктирди. Интернетда чет эллик бир “тўда бошиси” билан танишган эдим, унинг ғояларига, амалга оширмоқчи бўлаётган ­ишларига қизиқиб қолдим. Шу боис, уларнинг олдига кетдим. Мабодо, мен қайтмасам, мени қидирманглар! Дарвоқе, синглимга хушёр бўлинглар, у интернетда қандайдир чет эллик билан танишиб, гаплашиб юрганга ўхшайди. Ҳар ҳолда қиз бола сизларни уятга қолдирмасин яна. Дамин”.

Орадан икки йил ўтди. Даминдан ҳамон дарак йўқ. Шу орада Динора ҳам ажнабийга кўнгил қўйиб, чет элга кетиб қолди. Орифнинг қадди дол бўлиб, сочлари оқарган. У на ишга чиқади, на кўча-кўйга. Фақат деворга осиб қўйилган суратга қараб ўксиб-ўксиб йиғлайди. Расмда Ориф мактабни тугатаётганда отаси Нурали бобо уни бағрига босиб, китоб совға қилаётган ҳолат муҳрланган.

Дарвоқе, Орифнинг ҳайдовчиси ўша янги йил куни хўжайинини уйига қўйиб, китоб дўконига қайтиб боради ва ўғлига китоб совға қилади. Бугун унинг ўғли Қосимжон энг нуфузли университетларнинг бирига ўқишга кирди.

 

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири