-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

8 та Қўмита 4 кун мобайнида ўз ҳисоботини беради

09.07.2019

Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти якунларига ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

Ушбу матбуот анжумани 8-июлдан 11-июлгача ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи кун Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари қўмитаси чиқиш қилди. Иккинчи куни яъни бугун Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатаси ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек жорий йилнинг биринчи ярмида  қўмитанинг 7 та мажлиси ўтказилиб, уларда 13 та масала, шу жумладан 9 та қонун муҳокама қилинди.

 – Ўтган давр мобайнида қўмита суд-ҳуқуқ, давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада ислоҳ қилиш, давлат дастурларининг ижросини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини янада ошириш, суд тизимини изчил демократлаштиришга кўмаклашиш билан боғлик долзарб масалаларни ҳал этишда ўзининг назорат-таҳлил ваколатларидан самарали фойдаланиб, бир қатор чора- тадбирларни амалга оширди. Ўз ўрнида айтиш жоизки, қўмита ўз фаолиятида қонун устиворлигини таъминлаш, 

коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган дастур ва ҳужжатлар ижросига алоҳида эътибор қаратди. Қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, давлат дастурларининг бажарилиши масалаларига бағишлаб қўмита томонидан ўтказилган тадбирлар ҳақида фуқароларни хабардор қилиш мақсадида телевидение, радио ва даврий матбуот саҳифаларида сенаторларнинг 930 га якин чиқиши ташкил этилди, – дейди Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси  Ботир МАТМУРОТОВ.

Шу билан бирга, анжуманда келгуси режалар ҳақида сўз юритилди. Жумладан, қўмита аъзолари ўз фаолиятида асосий эътиборни давлатимиз раҳбарининг Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратади. Хусусан, бу борада ишлаб чикилган Сенатнинг чора-тадбирлар режасига мувофиқ қўмита томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида гендер экспертизадан ўтказиш амалиётини жорий қилиш каби тадбирлар  белгилинганлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.

Тадбирнинг иккинчи ярмида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси жорий йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти ва истиқболдаги режаларини оммавий ахборот воситаларига хавола этди. Тадбирда қўмита аъзолари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавкулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек жорий йилнинг биринчи ярмида қўмита мудофаа ва хавфсизлик соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг сабабларини ўрганиш, камчиликларни бартараф этиш буйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш борасида ўз фаолиятини такомиллаштирди. Ҳусусан, ҳисобот даврида қўмитанинг 6 та мажлиси ўтказилиб, уларда 10 та масала, шу жумладан 4 та қонун кўриб чиқилди.

–Ўтган давр мобайнида қўмита аъзолари мудофаа ва хавфсизлик соҳаси, ҳарбий қурилиш ва мудофаа саноатига оид қонун ҳужжатлари, давлат дастури ижроси, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этишда ўзининг назорат-таҳлил ваколатларидан самарали фойдаланиб, бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Қабул қилинган қонунларнинг мазмун моҳиятини аҳолига кенг тушинтириш, давлат дастурларининг бажарилиши масалаларига бағишлаб қўмита томонидан ўтказилаётган тадбирлар ҳақида фуқароларни хабардор қилиш мақсадида телевидение, радио ва матбуот саҳифаларида сенаторларнинг мингдан ортиқ чиқишлари ташкил этилди, – дейди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух ДАДАХОДЖАЕВ.

Келгусида қўмита ўз фаолиятида асосий эътиборни давлатимиз раҳбарининг Сенат йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратади. Магистрал газ қувурларининг бугунги кундаги аҳволини  ўрганиш, Мудофаа докторинасининг амалга оширилиши юзасидан Мудофаа вазирининг ахборотини эшитиш, Тошкент вилояти божхона бошқармасига қарашли чегарадаги “Ғишткўприк” божхона комплекси, “С.Нажимов” ва “Алишер Навоий” божхона постларида “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонун ҳамда божхона назоратини такомиллаштиришга қаратилган бошқа қонун ҳужжатлари ижро этилишини ўрганиш каби тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.

Тадбир баҳс мунозараларга бой бўлди ва оммавий ахборот воситалари етарлича маълумотга эга бўлишди.   

Матбуот анжуманинг қолган икки кунида Фан, таълим ва соғликни сақлаш масалалари қўмитаси,  Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, ҳамда Маҳаллий ҳокимият вакиллик  органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия ўз ҳисоботини ҳавола этади.

 

Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири