-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Интеллектуал мулк агентлиги нима учун Адлия вазирлигига ўтказилди? (2019 йил, 28 сон)

16.07.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2019 йил 1 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарор билан Интеллектуал мулк агентлиги ижро этувчи аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда белгиланишича, Интеллектуал мулк агентлигига, эндиликда, бир қатор янги ҳуқуқлар берилади.

Масалан, давлат органлари, корхоналари, муассасалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича ўрганишлар ўтказиш; давлат органлари, корхоналари, муассасалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлар, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш; интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш; интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари, корхоналари, муассасалари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқи.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, бу борада Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига, яъни адлия бўлимларига ҳам бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди. Адлия бўлимлари энди корхона ва ташкилотларга интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича консультатив ва амалий кўмаклашади, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофаза қилинишини, муаллифларнинг ва бош­қа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича, шу жумладан, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш, реализа­ция ­қилишга қарши курашишда ваколатли давлат органларига ёрдам беради. Шунингдек, адлия бўлимлари аҳоли ўртасида интеллектуал мулк муҳофазаси соҳасида ҳуқуқий маданиятни оши­риш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиши керак бўлади.

Агентликнинг асосий вазифалари, вазирлик тизимига ўтказилиши ва унинг афзалликлари, Адлия
вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Апелляция кенгаши нима билан шуғулланиши ҳақида масъул ­ходимнинг фикрларини олдик:

Гулчеҳра ЮСУПХАНОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Юридик ва норматив-ҳуқуқий масалалар бўлими бош юрисконсульти:

— Рақамли технологиялар, шу жумладан, интернетнинг жадал ривожланиши барча давлатларнинг интеллектуал мулк тизимига жиддий таъсир кўрсатмоқда ва бир пайтнинг ўзида рақамли муҳитда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларнинг самарали муҳофазаси ва ҳимояси соҳасида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бугунги кунда интернет тармоғи электрон савдо, таълим, ма­даният, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бўйича қонунчилик билан муҳофаза қилинадиган асарларни тар­қатиш макони бўлиб хизмат қил­моқда. Бошқа томондан, бу ахборот алмашинуви жадал кечаётган тизимдир ва бунда кўп ҳолатларда муаллифлар ва ин­­теллектуал мулк эгалари ҳу­қуқ­ларининг бузилишига йўл қўйилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини
такомиллаштириш чора-тадбир­лари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, интеллектуал мулк­ни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва умум­эътироф этилган халқаро нормаларни имплементация 
қилишга оид фаолияти қониқарсиз, деб топилганлиги сабабли Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди.

Интеллектуал мулк агентлигини Адлия вазирлиги тизимига ўтказишда фаолиятнинг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш кўзда тутилган эди. Айни дам шу мақсадда, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгандан сўнг Агентлик бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштирмоқда, бунда ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари талабномалар эълон
қилингандан сўнг Агентликка рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этиш­лари мумкинлиги Қарорда белгиланди.

Шу билан бирга, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси ­Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартиби жорий этилади, бу орқали талабнома топширувчиларга кулайлик яратилади ва манфаатлар тўқнашуви олди олинади ҳамда экспертлар билан талабнома топширувчилар мулоқотга кирмаслиги, яъни коррупция ҳолати юзага келмаслиги таъминланади.

Агентликнинг асосий вазифаси интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, интеллектуал мулк соҳасида ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини экспертизадан, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш ва амалга оширишдан иборатдир.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Апелляция кенгаши ўз фаолиятини Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини, селекция ютуқларини, интеграл микросхемалар топологияларини, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ апелляцияларни судгача кўриб чиқувчи коллегиал орган сифатида ­амалга ­оширади.

Апелляция кенгашига Адлия вазири раис ҳисобланади ва кенгаш таркибига интеллектуал мулк соҳасидаги мустақил олимлар ва мутахассислар киради.

Апелляция кенгаши апелляцияларни ёки аризаларни қаноатлантириш, қисман қаноатлантириш апелляцияларни, аризаларни ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Апелляция кенгаши қабул қилинган қарорларнинг ­асосланганлигини ва қонунийлигини таъминлайди. Шунингдек, Апелляция кенгаши қарори юзасидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб олти ой мобайнида судга шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳу­дудида ҳуқуқий муҳофазага ­эга бўлмаган белги юридик ёки жис­моний шахснинг товарлари истеъмолчилар орасида маълум бўлса, у ҳаммага маълум товар белгиси, деб эътироф этилади.

Товар белгилари ҳам рақамли муҳитда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, уларнинг бу ерда қўлланиши реклама ва маркетинг стратегиялари билан биргаликда истеъмолчига товарлар ва хизматларни идентификация қилиш имконини беради. Шу билан бирга товар белгилари интеллектуал мулк объектлари сифатида, улардан ноқонуний фойдаланиш ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши ­нуқтаи ­назаридан ҳимояга янада муҳтож бўлиб қолади. Натижада товар белгиларининг эгалари уларнинг муҳофазаси учун катта маблағ сарфлашга мажбур бўлади.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 322-моддасига асосан, ҳаммага маълум товар белгисига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Апелляция кенгашининг қарори асосида ҳуқуқий муҳофаза берилади. Ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгиси Агентлик томонидан ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилади. Ҳаммага маълум товар белгисига тааллуқли бўлган маълумотлар Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганидан кейин Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

Ҳаммага маълум товар белгисига гувоҳнома бериш товар белгиси товар белгилари рўйхатига киритилган санадан эътиборан ўн кун ичида Агентлик томонидан амалга оширилади. Гувоҳноманинг шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

Ҳаммага маълум товар белгисининг ҳуқуқий муҳофазаси муддатсиз амал қилади.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги мезонларга мос товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси Ўзбекис­тонда ҳаммага маълум деб эътироф этилади:

товар белгиси қўлланиладиган товарлар ёки хизматларнинг тури истеъмолчилар, ­уни тарқатадиганлар ёки унга ­алоқадор ишбилармонлар доирасида таниб олиниши;

аввалдан хос бўлган ёки фаол фойдаланиш натижасида вужуд­га келган юқори фарқланиш хусусияти;

Ўзбекистон ҳудудида, Интернет тармоғининг миллий сегмент домен номлари тизимида товар белгисидан кенг фойдаланиш ва унинг реклама қилиниши;

республикада узоқ муддат давомида ва фаол фойдаланиш натижасида вужудга келган тижорат қиймати.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади.