-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ишидан айрилган ходим (2019 йил, 28 сон)

16.07.2019

БИЗ меҳнат ҳуқуқларимизни биламизми? Саволни сал бошқачароқ қўйиш ҳам мумкин.  Меҳнат ҳуқуқларимиз айни дам бузилмаяптими? Бундай муаммоларни ўртага ташлашимизга жўяли сабаб­лар бор. Аксарият ҳолларда омма орасида иш берувчининг адолатсизлиги, меҳнат жараёнидаги ноҳақликлардан гапирилади. Албатта, бундай вазиятларда ҳуқуқий саводхонлигимиз ҳали анча қуйида эканлигини пешлаган ҳолда айбни ўз меҳнат ҳуқуқини билмаган ишчига тўлалигича ағдариб қўя қолишимиз ҳам мумкин. Бироқ меҳнат ҳуқуқларини яхши билган ва билгани учун ҳам тазйиққа учраган, алалоқибат, “билағон”лиги туфайли ишидан ажралиб қолганларни кўриб нима дейиш мумкин? Бу ҳолатга қандай баҳо берса бўлади? Умуман олганда ундайларга қарата: “илоннинг думини босмай, тинчгина мум тишласанг бўлмасмиди”, деса ҳам бўлади. Лекин биз қачонгача оғзимизни кафтимиз билан беркитамиз? Азбаройи ҳайдалишдан чўчиб ишдаги камчиликларни  хаспўшлаб юраверишимиз керакми?

Таҳририятимизга Мажбурий иж­ро бюроси Сергели туман бўлими собиқ давлат ижрочиси Ботир Абилхайировдан шикоят хати келиб тушди. Фуқаронинг баён қилишича, у 2017 йил июль ойидан МИБ Сергели туман бўлимида давлат ижрочиси вазифасида ишлаб келган. 2018 йил май ойидан эса ўз вазифасидан озод этилган. Мурожаатнинг асл сабаби мана шу ерда. Фуқаро бир йилдан зиёд вақт ўтибдики, ўзи учун севимли бўлган ва унга ризқ-насиба келтирган ишидан нима сабабдан бўшатиб юборишганини тушунмайди. “Инсон ва қонун” таҳририяти томонидан мазкур масала бўйича журналист суриштируви ўтказилди.

 

Рейтинги юқори бўлса... нега ишдан олинди?

Ишни, аввало, Б.Абилхайиров аслида қандай ходим бўлганлиги, хулқ-атвори, иш юритуви, бошқача айтганда, давлат ижрочилари орасида унинг “рейтинги” қайси ўринда бўлганлигини аниқлашдан бошладик. Аввало, Миробод туман “Янги замон” маҳалла идорасидан Б.Абилхайировга ҳалол ва меҳнатсевар, масъулиятли инсон эканлиги ҳақида тавсиф берилди.

Ундан сўнг Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг тегишли ҳужжатларидан айрим ижрочилар томонидан бир ой ичида 100, 50, 30 ва, ҳатто 10 та ижро амалга оширилган бир вақтда Б.Абилхайиров 831 та ижро ҳужжатларини тамомлаганлиги аниқланди. Улар томонидан Б.Абилхайиров ва бир нечта давлат ижрочиларининг иши кўпчиликка намуна сифатида кўрсатилган. Демак, хизмат вазифасини бажаришда ҳам фуқаро сид­қидилдан меҳнат қилган ва ­аъло натижаларга эришган. Савол туғилади: у ҳолда шундай керакли кадр нега ишдан бўшатилди?

Аризачининг ҳикоя қилишича, бошқа бўлимга ўтказмоқчи бўлишганда рад этгани учун раҳбарларга унинг устидан “иш вақтида жойида бўлмаган”, “ишга кечикиб келган” каби важлар билан асоссиз билдиргилар киритилган. Ишонч билан асоссиз, дейишимизга сабаб бор. Ходимларнинг қайд дафтари (бир неча нусхаси)ни кўрганимизда Абилхайировнинг ишга келган вақти деярли ҳамиша соат 8:00 билан 8:30 оралиғида, ишдан кетиш вақти 22:00 дан 23:00 ­оралиғида бўлганлигига гувоҳ бўлдик.

Абилхайиров ишдан бў­шатилишидан бир оз муддат олдин бўлим бошлиғи ва раҳбари устидан МИБ Тошкент шаҳар бошқармасига шикоят хати йўллай­ди. Шикоятда МИБ Сер­гели туман бўлими раҳ­барлари ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасдан, қўл остидаги ишчиларига ниҳоятда қўпол муносабатда бўлаётгани, бу уларнинг иш унумдорлигига салбий таъсир қилаётгани ҳақида баён этилади. Ушбу шикоят аризаси юзасидан МИБ Сергели туман бўлимида Мажбурий ижро бюро­си Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилади. Шикоятда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топади шекилли, бўлим раҳбарларидан бирига интизомий жазо белгиланади. Бироқ шу пайтнинг ўзида улар устидан шикоят қилган Б.Абилхайировга ҳам МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ишдан бўшашлиги уқтирилади. Табиийки, фуқаро бунга рози бўлмайди ва ўз хоҳиши билан ишдан бўшамайди.

 

Абилхайировнинг ишдан бўшатилиши меҳнат қонунчилигига зид(ми?)

Албатта, иш берувчи ходимдан юқори кўрсаткичда ишни талаб қилишга, ўрни келганда ­асосли равишда уни ишдан ­озод қилишга ҳақли. Аммо бизни жуда ҳам ҳайратга солган ҳолат шуки, фуқаро меҳнат қонунчилиги талабларига мутлақо зид равишда ишдан бўшатилган. Хўш, қайси асослар билан? Бирма-бир кўриб чиқамиз: биринчидан, Б.Абилхайиров меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлганида ишдан бўшатилган. Бу Меҳнат кодексига тўғри келмайди. Меҳнат кодексининг 100-моддаси учинчи қисмида ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган  таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Иккинчидан, Б.Абилхайировнинг иштирокисиз унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ва у текширув хулосаси билан таништирилмаган. Учинчидан, МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг давлат ижрочиси Б.Абилхайировни ишдан озод этиш тўғрисидаги 1000-сонли буйруғида Меҳнат кодексидан бирорта ҳам модда асос қилиб келтирилмаган. Ваҳоланки, мазкур кодекснинг 107-моддасига кўра, иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари 87, 89, 97, 100, 105, 106-моддалар таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси далил қилиб кўрсатилиши керак эди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида ва Агросаноат маж­муи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясида хизматни ўташ тўғрисида”ги Низомнинг 36-бандида ходимларга нисбатан интизомий жазолар ўз хизмат вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, Бюро ва инспекция ходими деган номга доғ туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир ­этганлиги учун қўлланилиши белгиланган. Низомнинг 37-бандида эса хизмат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатлари сифатида қуйи­дагилар келтирилган: узрли сабабларсиз прогул қилиш (шу жумладан, иш куни мобайнида уч соатдан ортиқ хизматда бўлмаслик); хизматга маст ҳолда келиш, шунингдек, иш жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, жиноий жазоланадиган қилмиш ёки ножўя хатти-ҳаракатлар содир этиш; қасамёдни бузиш. Ходимни ишдан бўшатишга ҳам айнан шу Низомнинг мазкур 36-37-бандлари асос қилиб келтирилган. Лекин фуқаронинг яқинлари ва ҳамкасблари билан суҳбатлашганимизда у ҳеч қачон тартиб-интизомни бузмаганлиги, бундай хусусият унинг табиатига ёт эканлигини айтишди. Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан ушбу фуқаронинг ишдан бўшатилиши юзасидан олиб борилган ўрганиш натижасига кўра ҳам Низомнинг 36-37-бандларидаги асосларнинг биронтаси Б.Абилхайировни лавозимидан озод ­этиш бўйича кўрсатилган хизмат текшируви билан боғлиқ эмаслиги аниқланган.

 

Ҳуқуқий асоссиз изоҳ

Албатта, Абилхайиров ўзининг ишдан бўшатилиши билан боғлиқ мазкур ҳолатдан норози бўлиб ­бюро раҳбариятига ва кўплаб тегишли юқори органларга мурожаат қилади. Унинг ҳуқуқларини айни дам фақатгина Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси қаттиқ туриб ҳимоя қилаяпти. Федерация Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига Абилхайиров ­устидан чиқарилган мазкур буйруқ меҳнат қонунчилигига зид эканлигини таъкидлаб, бир неча бор буйруқни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритади. Аммо бу сўровларга ва ­мурожаат муаллифига қайтарилган жавобларда бир мунча мантиқсиз  ҳолатлар борлиги ойдинлашди. Эътибор беринг, Мажбурий ижро бюроси Касаба уюшмаси республика кенгашига ва Абилхайировга жавоб йўллаяпти: “Ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 12.07.2018 йилги хатида Б.Абилхайировнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси 28.05.2018 йилда соат 13:00 ва 14:00 оралиғида очилганлиги маълум қилинган”. Мазкур жавоб хатида негадир юқори орган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат Меҳнат инс­пекцияси хулосасига эмас, Яшнобод туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ғаро­йиб изоҳига таянилган. Бандликка кўмаклашиш марказининг фикрига кўра, ходимга куннинг иккинчи ярмида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган, бироқ уни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ куннинг биринчи ярмида расмийлаштирилган бўлса, буйруқ юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштирилган бўлар эмиш. Очиғи, бу содда, жўн, анчайин кулгили ҳам бўлган жавобни ўқиб нима деб ўйлашни билмайсиз. Меҳнат қонунчилиги билан боғлиқ қайси норматив ҳужжатда меҳнатга лаёқатсизлик варақасини куннинг қайсидир қисмида берилганлигини ҳисобга олиш кўрсатилган? Умуман, меҳнатга қобилиятсизлик варақаси (больничний)да санадан ташқари соат, дақиқа ва сониялар ҳам кўрсатилганини қаерда, қачон кўргансиз? Бу ҳужжатда фақат сана кўрсатилади, холос. Фуқарога куннинг қайси қисмида меҳнатга қобилиятсизлик варақаси очилган бўлишига қарамай, ўша сана ҳисобга олинади, шекилли?! Ёки қонунчиликда биз билмаган бирор ўзгаришлар содир бўлдими? Яшнобод туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бу антиқа жавоб хатини ким тайёрлаган экан? Аслида, Бандликка кўмак­лашиш марказининг ишдан бўшатилган МИБ ходимининг буйруғини ўз кўнглича “ҳуқуқий экспертиза”дан ўтказишга қай даражада ваколати бор экан? Нега Мажбурий ижро бюроси марказнинг ҳеч бир ҳуқуқий асос келтирилмаган изоҳига таянмоқда? Агар шу антиқа “экспертиза иши” тўғри деб ҳисобланганда ҳам (бу албатта ҳазил) бизнинг қўлимиздаги ҳужжатларда Миробод туман 3-оилавий поликлиника бош шифокорининг Б.Абилхайиров 28.05.2018 йил ­соат 7:45 да соғлиғи ёмонлашгани тўғрисида поликлиникага мурожаат қилганлиги ҳақидаги маълумоти бор. Поликлиниканинг маълум қилишича, Б.Абилхайировга соғлиғи ёмонлашгани учун шу заҳоти меҳнатга қобилиятсизлик варақаси очилган.

 

Судлар нега бу ишни кўрмайди?

Сизда савол туғилган бўлса керак. Хўш, шунча муаммо экан, Абилхайировнинг қўлида асосли фактлар бор экан, нега у судга мурожаат қилмайди? Меҳнат низоларини ҳал этишнинг энг мақ­бул йўли суд тартиби эмас­ми? Қолаверса, бугун адолатли ва шаффоф суд тизимини яратишга қаттиқ киришдик.

Ўринли савол. Абилхайиров суд­га ҳам мурожаат қилди. Бироқ бу ерда ҳам унга иккита суд органи ўртасида ҳалак бўлишдан бошқа нарса насиб этмади. Маъмурий судга борганида унга фуқаролик судига, фуқаролик судига борганда маъмурий судга мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилди. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро суди, Тошкент шаҳар Юнусобод туман маъмурий суди ва фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида Абилхайировнинг ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризаси бирдек қаноатлантирилмади. Судлар тегиш­ли Низомнинг 72-бандига кўра, Бюро ходимларининг меҳнат низолари Бош прокурор ва Бюро директори томонидан кўриб чиқилиши кераклигини дастак қилишмоқда. Тўғри, низомда шундай дейилган. Лекин бу МИБ ходимларининг ишини суд умуман кўрмайди, деганими? Қонунчилигимизда бундай норма бормикин?

 

Хулоса

Қўлимиздаги ҳужжатларга таянилса, кўп нарса Абилхайировнинг ҳақлигини исботлаётган бўлса-да, иккинчи томоннинг ҳам айрича ­фикри бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак.  Шу мақсадда МИБ Сергели туман бўлимида бўлдик. Ходимлар билан гаплашиб, бизга мурожаат қилган давлат ижрочиси қандай ишлагани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш эди, ниятимиз. У ерда куннинг тенг ярмича вақт кетди ­(Абилхайировни танийдиган ходимни топишга). Вақт майлику-я, жўяли жавоб бўлмаганидан ранжидик. Узоқ давом этган мажлислардан сўнг, ким билан гаплашмайлик, бу ходимни танимаслигини айтарди. Тўғри, бир йил давомида бўлим раҳбарлари ўзгарибди, лекин ижрочилар ўша-ўша. Хуллас, бир ижрочи бошқасига, униси яна бош­қасига йўллади бизни. Ҳаммаларининг жавоби эса худди ўргатиб қў­йилгандай бир хил: “У яхши, ўртача ходим эди, мен ўзи у билан кўп ­ишламаганман, яхшиси, фалончидан бориб сўранг”.

Ниятимиз Ўзбекистон Респуб­ликасининг меҳнаткаш бир фуқаросига холис ёрдам кўрсатиш. Ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган ёш, ғайратли йигит. У “ишлайман”, деб куч-ғайратга тўлиб турган бўлса-ю, энди уни ҳеч бир идора қабул қилмаса? Мамлакат ривожи учун керакли ёш ишчи кучини шу тариқа нобуд қиламизми? Тегишли идоралардан ушбу саволларга жавоб кутамиз.

 

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири