-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ДАЪВО (ҳикоя) 2019 йил, 32 сон

18.08.2019

БОЗОР майдонининг азим чинорлари шовуллар, саркаш шамол эсарди. Оқловчи Ҳожи Намиқбей иш қоғозлари учмасин учун олиймақом шийпонга менгзаган кичик идорасининг ойналарини бер­китди. Очиқ эшик табақасини тортқиларкан елкасига тўрва илган, жабдуқли ­уловининг жиловини тутган, биққигина, йирик саллали қишлоқининг яқинлашаётганини кўрди.

— Салом, Хўжа Али, — деди, — бу ерда нима излаяпсан? Бозорга икки кун бор-ку?

— Соғ бўлинг, Намиқбей, балога қолдим. Бир даъво истаб келдим. Қишлоқи Хўжа Али шундай, деб бошини соллади.

— Кел, бир гаплашамиз. Дардингни тушунтир менга, қароғим.

— Сиздан бошқа яна кимга тушунтира олардим?

Қишлоқи Хўжа Али уловдан иниб, жиловни таблага қантарди. Оқловчининг идо­ра­сига кирди. Даъвосини бил­дирди. Арз қилган кишиси қишлоқ оқсоқоли экан. Унга тегишли бир таноб ерга Хўжа Али қайсики замонлар уй қурганди. Эндиликда оқсоқол шу уйга эгалик қилишни истаб қолибди. Ҳолбуки, у уй кимники бўлса, ер ҳам ­ўшаники, деган эди.

Намиқбей обдон соқолини силади. Кўзойнагининг ­остидан боқар экан деди:

— Сен ноҳақсан, Хўжа ­Али.

— Ноҳақман?

— Ҳа.

— Йўқ, мен ҳақман. Унда оқсоқол нега уйни қураётганимда қарши бўлмади?! Мен ҳақман, Намиқбей...

Намиқбей ўринсиз даъволарни кўрмасди. Шунинг учун ҳам Хўжа Алининг иддаосини рад этишни ўйлади. Ўйларди-ю истиҳола қиларди. Чунки Хўжа Али-да, унинг қиш­лоқдошлари-да оқловчи Намиқбейнинг мижозлари эди. Қиш­лоқ аҳли ҳар бир муаммоси юза­сидан унга мурожаат қиларди.

— Майли, сенинг ишингга аралашаман. Аммо бу ишни бой берасан, кейин менга яқинлашмайсан!

— Яқинлашмайман, аммо нега ишни бой бераман?

— Чунки ноҳақсан...

— Раисга бўлиққина жонлиқ жўнатсам-чи?

— Унда шубҳасиз енгилдим, деявер!

— Нега?

— Янги раис сен билган одамлардан эмас. Янги раис пора-ю ҳадяга душмандек қарайди. Ҳатто, ҳақ киши унга пора таклиф қилса, шу пайт­даёқ уни ноҳаққа чиқаради.

— Аллоҳ шундай инсофлилардан қисмасин!

Хўжа Али ҳайратланиб муножот қилди. Адвокат уни маъқуллади:

— Омин, омин!

Улар яна узоқ гап­лаш­дилар. Келишдилар. Оқ­лов­чи умидсиз эди. Умидсиз эди­ки, ишни қишлоқининг юзхотири учунгина бўйнига олганди. Ҳа, оқловчининг наз­дида ишнинг битиши шу қадар мушкул эди.

Икки ҳафтадан сўнг худди шу пайтда Хўжа Али Намиқбейнинг идораси олдида пайдо бўлди. Оқловчи ариза ёзиб ўтирарди. Кўзойнаги ортидан мижозини кўрган заҳоти кулди:

— Хуш келибсан, қароғим. Даъвойинг қаноатлантирилди.

Оқловчи ҳафтадир бу но­ҳақ ишга раиснинг нега ижобий ҳукм чиқарганини англамасди. Хўжа Али қизишиб адвокатга сўз қотди:

— Менинг раисга жўнатган жонлиғимнинг соясида бу ишни ютдик, Намиқбей.

— Нима? Сен раисга жонлиқ жўнатдингми? Қандай қўлинг борди?

— Албатта, аммо сен менга: “Пора раиснинг душмани, ҳақ киши унга ҳадя берса, шу заҳоти ноҳаққа чиқади”, деб эдинг-ку.

— Яна нима қилдинг?

— Жонлиқни раисга жўнатарканман ўзимнинг исмимни келтирмадим, оқсоқолнинг номидан жўнатдим...

Қария оқловчининг қалами қўлидан тушди. Орқага тисарилди-ю, қаршисида турган қоп-қора ўйноқи кўзларга қараб қолди...

 

Умар САЙФИДДИН,

турк адиби


 

Ислом ИБОДУЛЛА

таржимаси.