-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Виждонли” суд эксперти (2019 йил, 32 сон)

18.08.2019

ОҚОЛТИНЛИК Ҳамид Дониёров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзаро оилавий келишмовчилик оқибатида турмуш ўртоғи Г.Юлдошевага шапалоқ тортиб юборганида, ерга йиқилиб, ўнг қўли тирсак қисмида кучли оғриқ сезди. Ҳ.Дониёров турмуш ўртоғи билан Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига бориб дастлабки тиббий муолажани олиб, уйи­га қайтишди. Табиийки, эртасига ИИБ ходими С.Донабаев эр-хотинни ИИБга олиб борди. Дастлабки суриштирув ўтказилгач, Г.Юлдошева Оқолтин туман суд тиббий экспертизасига ­олиб борилди.

Эксперт А.Холиқов Г.Юлдошевани кўрикдан ўтказгач, уни ташқарига чиқариб юбориб, эри ­Ҳ.Дониёровга юзланди: “Аёлингизнинг тан жароҳати оғир, агарда бу ҳақда хулоса ёзсам, сизга нисбатан жиноят иши очилиб қамалиб кетасиз”,  деди. Эксперт А.Холиқов Ҳ.Дониёровга етказилган тан жароҳатини енгиллаштириб ёзса, иш ёпилишини, бунинг учун 300.000 сўм тўлаши кераклигини айтди. ­Ҳ.Дониёров энди бир ками турмуш ўртоғини уриб қамалиб кетибди, деган шармандаликдан қўрқиб айтилган пулларини ­олиб келишга рози бўлди. Ташқарига чиқиб бу ҳақда хотинига айтганда:  “У ҳеч бўлмаса 250.000 минг сўмга кўндирмабсизда, 50.000 минг сўмига дори-дармон олиб берар ­эдингиз”, деди. Ҳ.Дониёров ортига қайтиб эксперт А.Холиқовга шароитини тушунтириб, 300.000 минг сўмга қийналаман, 250.000 минг сўмга рози бўлинг, 50.000 минг сўмига хотинимга дори-дармон олиб бераман деди. Экспертнинг жаҳли чиқиб, ноилож 250.000 минг сўмга рози бўлди, фақат тезда етказишни тайинлади. Ҳ.Дониёров ИИБ ходими С.Донабаев билан учрашганда унга бўлган воқеани айтиб берди. С.Донабаев ­Ҳ.Дониёровга бу иш жиноят эканлигини таъкидлаб, бу хақда ИИБга ариза ёзиб бериши мумкинлигини айтди. Ҳ.Дониёров турмуш ўртоғи Г.Юлдошева билан Сирдарё вилоят ИИБга ­ариза билан мурожаат қилди. Ҳ.Дониёров “ишлов берилган” 250.000 минг сўм пулни эксперт А.Холиқовга олиб келгач, эксперт ундан қанчасини беришга розисиз деб сўради. ­Ҳ.Дониёров барчасига рози эканлигини, фақат ишини ижобий ҳал қилиб беришини илтимос қилди. Шунда эксперт ­Ҳ.Дониёровни “Майли, менинг виждоним бор, 100.000 минг сўмини олиб қолиб, 150.000 минг сўмини беринг”, деди. Ҳ.Дониёровнинг 150.000 минг сўм пулини олиб, қайта-қайта унинг розилигини олди ва уни эшиккача кузатиб қўйди. Дастлабки тергов ва суд давомида “виждонли эксперт” қилган жиноятини тан олмади. Лекин диктофондаги ­ўзаро суҳбатлар, махсус кукун билан ишланган пулларни ушлаганда, унда қолган бармоқ излари жиноятни фош этди.

Жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди А.Холиқовни Жиноят кодексининг 210-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топиб, уни 2 йилга давлат ташкилотларида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳамда суд экспертизаси соҳасида ишлаш ҳуқуқини чеклаб, 3 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

 

Мирғани МИРЗОҲИДОВ,

жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди раиси,

Шуҳрат СУЯРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири