-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) вазифалари

20.08.2019

“Очиқ маълумотлар порталини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестиция кўрсаткичлари таҳлили” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоят статистика бошқармалари вакиллари, Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистик тадқиқотлар маркази ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президентимизнинг  2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Давлат статистика қўмитаси эндиликда давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz)да ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгиланди. Мазкур қарорнинг 4-иловасига асосан, алоҳида таркибий индикаторлар бўйича Статистика салоҳияти индексида мамлакатнинг ўрнини яхшилашга оид “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шу билан бирга, Давлат статистика қўмитасига қуйидаги вазифалар юклатилди:

- Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштиришнинг аниқ муддатлари ва шаклларини белгилаган ҳолда очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини тасдиқлаш;

- Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан очиқ маълумотларнинг жойлаштирилиши ва мунтазам янгилаб турилиши устидан доимий мониторинг қилинишини таъминлаш;

- Халқаро маълумотлар базаларини қўшимча равишда ўрганиб чиқиш ва ахборотнинг янги параметрларини ишлаб чиқиш чораларини кўриб, кейинчалик уларни очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатига киритиш;

- Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдан бошлаб “Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” халқаро рейтингларида иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш каби масалалар шулар жумласидандир. Мазкур қарордан келиб чиқиб, Очиқ маълумотлар пухталиги модели (“Open Data Maturity Model”) ҳамда бошқа халқаро амалиётлар асосида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар соҳасидаги фаолиятини баҳолаш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда натижаларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилиб бориш вазифаси белгиланган.

— Очиқ маълумотлар тўпламининг умумлаштирилган рўйхати 3 тилда яъни, ўзбек, рус ва ингилиз тилларида порталда жойлаштириш муддатлари  ва шаклларини белгиланган ҳолда ишлаб чиқилди. 2019 йил 31 май санасида тасдиқланди. 2016 йилда тасдиқланган рўйхатдаги маълумотлар тўплами 232 тани ташкил қилган бўлса халқаро тажрибалар ва маълумотлар базасини ўрганиш натижасида ишлаб чиқилган янги рўйхатдаги маълумотлар тўпламлари 1473 тага етказилди дейди, — Республика иқтисодий статистика бўйича раис ўринбосари Агзам ИКРОМОВ.

Матбуот анжумани якунида, давлат статистика органларида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикасида бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва ислоҳотлар тўғрисидаги очиқ ва ҳаққоний маълумотларни халқаро ташкилотларнинг маълумотлар базаларида ҳамда етакчи халқаро рейтингларда акс эттирилишини таъминлаш эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Матбуот анжуманида Давлат статистика қўмитаси мутахассислари ОАВ вакиллари томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берди.

 

Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири