-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Хусусий мулк дахлсиз (2019 йил, 33 сон)

22.08.2019

АСЛИДА хусусий мулк дахлсизлиги Конституция нормалари (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 53-модда) билан мустаҳкамланган. Шунга қарамай, айрим мансабдор шахслар томонидан асосий қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар рўй берди. Бу масала давлатимиз раҳбарининг диққат ­эътиборида бўлди ва мулк ­эгаси ҳамда ҳокимият вакиллари ўртасидаги келишмовчиликларга ўз вақтида ечим топилди. Аммо масаланинг моҳияти бошқа ерда. Яна худди шундай воқеалар рўй бермаслигига кафолат бера оламизми? Қачон одамларимизда ҳуқуқий онг шакл топади? Бу вазиятда қонунчиликдаги нормаларни янада кучайтириш, асосий мажбуриятлар ва жавобгарликни мустаҳкамлаш зарур эди. Шу мақсадда жорий йилнинг 13 августида иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Адлия вазирлиги томонидан 15 август куни мазкур қонун ҳужжатлари муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Ер хусусий мулк бўлади

“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун билан ерни хусусий мулкка айлантириш билан боғлиқ бир қатор нормалар киритилди. Бизда ҳеч қачон ер хусусий мулк бўлмаган, ҳатто ўзимиз ­яшаб турган уйнинг ҳам иморати шахсий мулк, остидаги ер эса давлатнинг умуммиллий бойлиги эди. Шу сабаб исталган пайт давлат эҳтиёжлари учун беришга мажбур эдик. Янги тартибга кўра энди истаган одам ер участкасини хусусийлаштириб олиши мумкин. Таъкидлаш жоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини хусусийлаштириш ихтиёрий характерга эга.

Мазкур Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш қу­йидаги шаклларда амалга оширилади:

доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;

ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.

Қуйидаги ер участкалари эса хусусийлаштирилмайди:

хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;

режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари;

ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);

хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер ­участкалари;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

Демак, фуқаро ер участкасини хусусийлаштириб олса, мулкини истаса сотади, истаса сотмайди. Бу тушунарли. Аммо давлатга-чи? Истамаса, давлат эҳтиёжи учун керак бўлганда ҳам сотмайдими? Аслида қонунга мувофиқ шундай бўлиши керак. Баъзи истисно ҳолатлар ҳақида эса мутахассис фикр билдирди.

Қандай ҳолларда ер участкаси олиб қўйилади?

Отабек ХОЖАНИЯЗОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими:

— Қонун билан белгиланган шундай ҳолатлар борки, бунда хусусийлаштирилган бўлса-да, ер участкаси олиб қўйилади. Қайси ҳолатлар? Бунда тўртта асосий вазиятни санаб ўтамиз:

Қарздорлик мавжуд бўлганда. Яъни, қарзни тўлаш ­учун бошқа мулклар бўлмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий тарзда қарз ҳисобига ер участкаси олиб қўйилиши мумкин.

Реквизиция. Мамлакатда табиий офатлар рўй берган, эпидемиялар тарқалган ва шунга ўхшаш фалокатлар юз берганда давлат учун ер учсаткаси керак бўлса, демак, мажбурий тартибда мулк ­эгасидан олинади. Бунда, албатта, тегишли қарор билан ер қиймати жорий бозор нархида баҳоланиб, мулк ­эгасига пул тўлаб берилади.

Конфискация. Бу жиноят процессуал қонунчилиги билан белгиланган ҳолатларда, яъни ер участкаси жиноят билан боғлиқ бўлиб қолган, айтайлик, жиноят объекти бўлган ҳолатларда мулк ­олиб қўйилиши мумкин.

Национализация. Бу фақат мулкдорнинг розилиги билан, унинг қийматига мос миқдордаги пулни тўлаб, ер участкасини олиб қўйиш дегани. Яъни, давлат учун керак шу ер участкаси, агар унинг эгаси рози бўлса, давлатга сотади, рози бўлмаса йўқ.

Таъкидлаб айтишим лозим, юқоридагилардан бошқа ҳеч қайси ҳолатларда ер участкаси мажбурий тартибда олиб қўйилиши мумкин эмас. Ривожланган мамлакатларда кўришимиз мумкин, катта миқёсдаги қурилишлар ­орасида эски бир уй ­ёки бирор объект турган бўлади. Демак, ­ўша мулк эгаси ерини сотишни истамаган ва буни ҳеч ким мажбурлай олмайди. Бизда ҳам шундай бўлади. Шунинг учун қонун ҳужжатлари билан бу жараён мус­таҳкамланаяпти.

Ер участкалари қандай хусусийлаштирилади?

Қонунга кўра кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Мазкур ариза Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади. Ер участкаларини хусусийлаштириш­ни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунда қабул қилинади ва ушбу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.

Хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тегишли тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Қонунга биноан, Ўзбекистон фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахс­лар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.

Белгиланган ушбу талаблар 2020 йил 1 мартдан эътиборан амалда бўлади.

Ерни хусусийлаштириш бизга нима беради?

Беҳзод НИШОНОВ,

“Давергеодезкадастр” қўмитаси вакили:

— Ерни хусусийлаштириш бизга нима беради? Шу ҳақда гапирмоқчиман. Тасаввур қилинг, “ер сотилади”, деган эълон бўйича бордингиз ва ерни сотиб олмоқчисиз. Илгариги ҳолат бўйича ерни сотиб олишингиз учун бу ерга олдин иморат қурилиши керак.

Чунки бўш ерга кадастр ҳужжати расмийлаштирилмайди.  Иморат қурилгач, сотувчининг номига мулк расмийлаштирилади. Ана ундан кейин сотувчи фикридан қайтмаса, Сиз уни нотариал тартибда сотиб олишингиз мумкин бўлади. Бу бир қанча қийинчилик, сарсонгарчилик ва хавфни пайдо қилади. Агар ер майдони хусусийлаштирилган бўлса-чи? Бу ортиқча жараёнлар ўз-ўзидан йўқолади. Яъни, Сиз сотмоқчи бўлсангиз, бевосита ерни сотишингиз мумкин. Сотиб олмоқчи бўлсангиз ҳам иморат қурилмаган бўш ерни қийинчиликсиз харид қиласиз.

Бугунги суд жараёнларининг таҳлилини кўрадиган бўлсак, жуда кўп низолар бино кимники эмас, бино жойлашган ернинг чегараси кимники, деган тортишувлар орқасидан келиб чиқади. Бунга асосий сабаб ер майдонининг аниқ чегаралари белгиланмасдан, умумий ер майдонидаги битта бино бир фуқарога, бошқа бир бино бошқа фуқарога тегишли бўлганлигидадир. Яъни, ­аниқ чегара белгиланиб, ер хусусийлаштирилмаганлигининг оқибати бу.

Кимнингдир катта бир ер ­участкаси бор дейлик, унинг бир қисмини яқин қариндошига ёки кимгадир ажратиб бермоқчи. Бу ҳолатда ҳам бўш ер участкасини ўзини ҳеч қандай шартнома асосида бировга ўтказиш имкони йўқ. Яъни, мулк бўлмаганлиги сабабли уни тасарруф этиш, сотиш ҳуқуқи бўлмайди. Яна бунда ҳам бир неча жараёнларни ўтказишга тўғир келади, бино қуриш, ­уни расмийлаштириш ва ҳоказо. Яна иш туман ҳокимликларига бориб тақалади, ҳокимларнинг қарори керак бўлади. Қарорлар эса баъзан неча ойга кечикиб чиқади. Таъкидлаганимиздек, жараён кўп, оворагарчилик кўп. Ер участкалари хусусийлаштирилиши билан эса мана шу барча сарсонгарчиликларга чек қў­йилади. Фуқароларимиз учун ўзи хоҳлаган битимларни тез ва қулай амалга ошириш имкони пайдо бўлади.

Мулкдорлар ҳуқуқи ҳимояланади

Мазкур соҳада қабул қилинган яна бир муҳим ҳужжат “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаш­тириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбир­корлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кен­гайтириш тўғрисида”ги Президент Фармонидир. Ҳужжатда хусусий мулк дахлсизлиги, ер ­ажратиш ва уни олиб қўйишда ҳокимият органларининг аралашувини чеклаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган.

Фармон билан маҳаллий ҳокимият ва бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Конституциянинг хусусий мулк дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:

тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;

тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий иш­ларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Ҳокимларнинг ваколати депутатларга ўтди

2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қу­йидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ­олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахс­лар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.