-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бугун ҳамма нарсанинг иложи бор! (2019 йил, 33 сон)

22.08.2019

ADVICE.UZ: — ҳуқуқий маълумот сиз хоҳлаган вақтда тақдим этилади

Сиз тортинманг, сўрайверинг!

ИНСОНЛАРДА нима кўп, ўй, хаёл кўп. Шу билан бирга саволлар ҳам кўп. Баъзан ана шу саволларимизга кимдан жавоб олишни билмай сарсон бўламиз. Айниқса, бу ҳуқуқий масалага оид бўлса-ми? Рости, бирон бўйинбоғли ҳуқуқшуноснинг олдига бориб саволингизни айтишга ийманасиз. Телефон орқали сўраш ҳам Сиз учунмас. Ёки хориж сериалларидаги каби шахсий адвокат ёллашни ҳам чўнтак кўтармайди. Қарабсизки, ҳуқуқни ўрганишга иштиёқ бору кимга мурожаат қилиш ёки қандай ўрганишга бош қотган. Лекин бугун ҳамма нарсанинг иложи бор. Уйда ўтирган ҳолда бозорлик қилишингиз, китоб олишингиз, такси ёллашингиз, чипталар харид қилишингиз, мазали таомлар буюртиришингиз мумкин. Бу хизматлардан интернет орқали фойдаланса бўлади. Қандай яхши-а? Вақтингиз тежалади. Унгача зарур ишларингизни қилиб олишга ҳам улгурасиз.

Айтмоқчиманки, бугун ҳуқуқий маслаҳатни ҳам онлайн режимида олиш имконияти пайдо бўлди. Бу қулайлик Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ADVICE.UZ портали орқали тақдим этилмоқда. Портал имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилишдан аввал ўзимиз унинг фаолиятини текшириб кўрдик. Чунки одам айрим давлат идораларининг “ўрганилмоқда”, “тегишлилигига кўра”, деган жавобларидан очиғи безор бўлган. Савол-жавоблар учун онлайн платформа яратилган бўлса-да, жавобдан дарак йўқ сайтлардан ҳам кўнгил қолган. Шу сабабли, аввало, сайтга савол йўллаб кўрдик. Қандай яхши, Сиздан исм-шарифингиз ҳам, ёшингиз ҳам, жинсингиз ҳам, ҳатто пропискангиз ҳам сўралмайди. Саволингизни ёзасиз, кипригингизни очиб юмгунга қадар жавоб ҳам ҳозиру нозир. Онлайн, деганича ҳам бор экан-да...

Сайтда ҳаётимизда тез-тез дуч келадиган муҳим масалаларга оид саволларга ҳам жавоблар берилган. Муҳими, мавзулар категорияларга ажратилган. Сизни қайси мавзу қизиқтираётган бўлса, ўша қаторни белгилаб, ҳуқуқий билимларингизни етарлича оширишингиз мумкин.

 

Жумладан, сайтда қуйидаги ҳуқуқий масалалар:

  • меҳнат қонунчилиги;
  • чет элда ишлаш тартиби — миг­рация;
  • паспорт тизими;
  • оила муносабатлари;
  • уй-жой, коммунал хўжалик;
  • фуқаролар тадбиркорлиги;
  • ижтимоий ҳимоя масалалари;
  • соғлиқни сақлаш;
  • банк, солиқ масалалари;
  • транспорт соҳасидаги қонунчилик;
  • давлат хизматлари;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш;
  • таълим қонунчилиги;
  • суд-ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий ҳимоя;
  • мажбурий ижро бюроси, низоларни ҳал қилиш;
  • ҳарбий хизмат ҳақида маълумот олиш мумкин.

 

Эслатиб ўтиш жоиз, порталда жойлаштирилган барча маълумотлар тавсиявий аҳамиятга эга бўлиб, у ёки бу масаланинг ҳуқуқий ечимини тез топишга қаратилган.

Яна бир масала. Сайт фақат ҳуқуқий маълумот беради. Ва бу жараён мутлақо бепул. Сайтдаги маълумотлар ўзбек ва рус тилларида берилган. Шунингдек, сайтда махсус “Чет элликларга эслатма” бўлими мавжуд бўлиб, ушбу бўлим орқали чет эл фуқаролари Ўзбекистонга келиш, кетиш, бўлиш, яшаш тартиби ҳақидаги ҳуқуқий маълумотлар билан араб, хитой, рус, инглиз, испан, француз тилларида танишиши мумкин.

“Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталининг онлайн-маслаҳатчи хизмати орқали ҳуқуқий маслаҳатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09:00 дан 13:00 гача ва 14:00 дан 18:00 гача берилади.

Бу ерда ариза ёки шикоятлар кўрилмайди. Яна адашиб, муаммо­ларингиз, турли даъволарингиз бўлса юбориб овора бўлманг, дейман-да. Бунинг учун Адлия вазирлигининг Ишонч телефони, фуқаролар қабулхоналари, сайёр қабуллар бор. Ана шу ерда мурожаатларингизга жавоб топишингиз мумкин.

Сайтнинг яратилиш тарихига қизиқаяпсизми?

Хабарингиз борми-йўқми, 2019 йилги Давлат дас­турида аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тизимини яратиш бўйича вазифа қўйилган эди. Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Advice.uz ло­йиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳа Буюк Британиянинг Citizens Advice тармоғи тажрибаларидан фойдаланган ҳолда яратилган.

Махсус ишчи гуруҳ томонидан дастлаб advice.uz доменида махсус сайт яратилди. Ҳозирда сайтга e-maslahat.uz домени орқали ҳам кириш мумкин.

Сайтга жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган ­асосий ҳуқуқий масалалар бўйича 1000 дан ортиқ контентлар жойлаштирилган.

Муҳими, сайт мундарижаси ўтказилган ижтимоий сўровлар, тадқиқотлар ва кузатувлар натижалари асосида тузилган.

Бугунгача қанча мурожаат бўлди?

Мазкур тизим орқали ҳозирги кунга қадар 4636 нафар фойдаланувчи томонидан 9 459 та ҳуқуқий савол йўлланган. Бундан ташқари, тизимнинг оффлайн мулоқот саҳифаси орқали 1802 та ҳуқуқий савол келиб тушган.

Саволларнинг 36 фоизи (ишга жойлашиш, меҳнат таътиллари, ишдан бўшаш, жамоа шартномалар ва ҳ.к) меҳнат муносабатларига тааллуқли. Шунингдек, 28 фоиз саволлар ижтимоий таъминот (пенсия, нафақа, моддий ёрдам ва ҳ.к)га тегишли. Таълим (18 фоиз), уй-жой (12 фоиз) соҳасидаги саволларнинг улуши ҳам каттагина. Қолган йўналишларда келиб тушган саволлар умумий саволлар ҳажмининг 6 фоизини ташкил этади.

Ҳозирда онлайн-мулоқот тизимини модернизация қилиш масаласида иш олиб борилмоқда.

Модернизациядан кейин мурожаат этувчиларнинг жинси, ­ёши, ҳудуди каби муҳим стратегик йўналиш­ларда ҳам статистикани шакллантириш имкони бўлади.

Advice.uz лойиҳасини молиялаштириш

Келгусида “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталининг мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини таъминловчи “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил ­этилиши белгиланган.

Биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 28 та туманда ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилади.

“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг марказий аппарати Адлия вазирлиги биносига, ҳуқуқий маслаҳат бюролари заруратга кўра тегишли ҳудудий адлия органлари ёки туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари биноларига ижара тўловининг “ноль” ставкаси ­асосида жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.­

Ташкилот ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти Адлия вазирлиги, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Бу маълумотлар таҳлил қилиниб, сайтга фуқароларнинг талаби бўйича маълумотлар ва янги қонун ҳужжатлари бўйича тартиб-таомиллар жойлаштирилиб борилади.

Натижа-чи, натижа?

Advice.uz порталига асосан ҳуқуқий тушунтириш сўраб мурожаат этишади. Шу билан биргаликда айрим мурожаат­лар орқали реал муаммолар ҳам аниқланди. Хусусан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйишда компенсация пуллари тўланмаётганлиги ҳақидаги мурожаатлар кўпаяётганлиги ҳақида тегишли таркибий бўлинмаларга хабар берилган. Мазкур хабар орқали ушбу масалада республика бўйича махсус акция ўтказилиб, тегиш­ли лойиҳа ишлаб чиқиш белгилаб олинган. Хуллас, йўлланаётган саволлар орқали айнан қандай мавзуларда аҳолига ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши кераклиги ўрганилиб, айнан шу йўналиш бўйича амалий чоралар кўрилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур сайт Сиз истаган вақтда ҳуқуқий билимларингизни оширади. Муҳими, бу хизматдан ўзингизга қулай вақтда фойдаланишингиз мумкин.

 

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири