-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Дунёни меҳр қутқаради (2019 йил, 33 сон)

22.08.2019

...Иқтидорли мактаб ўқувчиси ҳақида эшитгандим. Уни излаб таълим даргоҳига бордик. Бизни қарши олган ўрта ёшли муаллима опа мақсадимизни эшитиб,  кўп куттирмасдан қизчани эргаштириб келди.

Озода билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Бу қизчанинг ўзига хос фикру тафаккури кўп китоб мутолаа қилганлигини англатиб турарди. Қолаверса, миттигина ёқимтой қизчанинг билимдонлиги кишини ҳайратга солади. У сўзини якунлар экан:

— Шеър ўқиб берсам, майлими? — деди ҳадик оҳангида.

Озода ёзган шеърини ­юрак-юракдан берилиб ўқий бош­лади. Мазмуни шундай эди: “Дада, келинг, Сизни жуда соғиндим. Энди сира хархаша қилмайман, Сиз учун овқат пишираман, уйларни тозалайман, кўйлагингизни дазмол қиламан. Дада, келинг Сизни жуда соғиндим!”.

...“Оҳ”лар қароғидан тошди. Бу шеърни тинглаганларнинг аксари кўзига ёш олди. Озода билан хайрлашиб, муаллима опадан у ҳақда сўраб-суриштирдик. Отаси қазо қилгандир-да, деган мулоҳазага боргандик. Алҳазар! У, отасиз тирик етим экан. Гулдай қизчани бир аёлнинг ноз-карашмаларига алмаштирибди. ­Ёпирай!

Ачинарлиси, Озода каби ­ота-онаси бор тирик етимлар ­орамизда озмунчами? У сингари ота ёки она меҳрига зор, митти қалбидаги соғинч тўла армонларни тўкиб-солишга интизор болалар минглаб топилмайди­ми? Уларни шу кўйга солган иллатларнинг олдини олишни ­иложи йўқмикин? Оилада ва бош­қа тарбия масканларида ҳаёт, вақт, фарзанд, ота-она,  ака-ука, ­опа-сингил, қондошлик қадрини англашга, балки барчани бирдек ўргатиш зарурдир? Агар аксини қилса қай ҳолга тушишига ҳаётий ибратлар, видео лавҳалар ёрдамида уқтирилиб, онгу шууримизга сингдириб бориш лозимдир. Меҳрибонлик, мурувват ва ногиронлик уйларига етаклаб бориб, шукроналик билан ҳаёт кечиришга даъват этиш, эҳтимол, жуда муҳимдир.

Шу ўринда айтиш мумкинки, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги А.П.Хлебушкина номли 22-Меҳрибонлик уйи ҳақида эшитмаган одамни топиш қийин бўлса керак.

— Айни пайтда ушбу даргоҳда 110 нафар бола тарбияланмоқда, — дейди Меҳрибонлик уйи директори Шаҳри Бердиева. — Уларнинг 38 нафари чин етим, 57 нафари ижтимоий?, 11 нафари кам таъминланган, 4 нафари эса ота-онаси ташлаб кетган болалар ҳисоб­ланади. Масканимизда камчиликлар йўқ, Ҳукуматимиз томонидан уларга худди ўз уйларидагидек барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бироқ буларнинг барчаси бир бўлганда ҳам ота-­онасининг биргина меҳри ўрнини босолмайди-да! Шу сабабли имкон қадар уларга меҳр беришга, шундоқ ҳам ўксик қалбларини янада вайрон қилмасликка уринамиз.

Ҳақиқатан, Озода сингари мурғак гўдаклар Ҳукуматимиз то­монидан ижтимоий ҳимояга ­олинган. Жумладан, улар жамиятнинг тўлақонли аъзолари бўлиб вояга етишлари, таълим-тарбия, тиббий ёрдам, маданий ҳордиқ ва ҳоказолар каби ҳаётий эҳтиёжлари йўлида барча шарт-шароитлар яратилган.

Абдуманноп ЗОКИРОВ,

Тошкент шаҳри “Сархумдон” МФЙ раиси:

— Маҳалламизда истиқомат қилувчи Р.Мирзатиллаева 10 нафар болани оналик қилиш учун ўз қарамоғига олган. Айримлар ота ёки она, деган номга иснод келтириб, қалбининг бир парчасидан воз кечаётган бир пайтда бировнинг боласини бағрига олишдек мардлик ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Кам­тарлиги туфайли шароити ҳар қанча оғир бўлса-да, сездирмайди. Уч хонали уйда шунча бола билан яшайди. Бирор марта ҳам бу масалада мурожаат қилгани йўқ. Ўзига шу ҳақда гап очсак, “Болаларга биринчи галда меҳр кўрсатсак бўлди, қолгани иккинчи даражали”, деб гапни қисқа қилади.

Раҳима МИРЗАТИЛЛАЕВА,

уй бекаси:

— Яширмайман, ҳали туғилмаган боласини менга асраб ­олишни таклиф қилганлар ҳам учраган. Рози бўлиб, маълум вақтдан кейин келса, боласини беришимни айтардим. Ахир, бола ўз онаси билан бўлганига ҳеч нарса етмайди-ку! Уч нафар болани оналарига қайтариб берганман.

Худога шукр, ўғилларимни уйлантирдим, қизларимни узатдим. 14 нафар набирам бор. Икки нафар қизим ҳам бўйи етмоқда. Яхши жой чиқса, уларни ҳам эгасига топширсам дейман...

Меҳр яратган мўъжиза

Ишонч ҳамиша инсон ҳаётини юксалтиради, уни бало-қазолардан асрайди. Бу фикримизга Рафаэль Тобарнинг “Мўъжизанинг баҳоси” номли қисқа ҳикояси мисол бўла олади.

Олти ёшли қизалоқ Тессининг укаси оғир касал бўлиб қолди. Тесси отасининг ойисига умидсизлик билан “Уни фақат мўъжиза қутқара олади”, деганини эшитди-ю, дорихона томонга қараб югурди. Пештахта ёнига яқинлашди ва аранг нафасини ростлаб:

— Мен... мўъжиза сотиб олмоқчиман, — деди у дорихоначига.

— Кечирасиз, тушунмадим? — сўради дорихоначи.

— Укам оғир касал. Уни фақат мўъжиза қутқариши мумкин экан.

Бир бурчакда турган одам қизалоққа яқинлашди.

— Сизга қанақа мўъжиза керак, бўталоғим, — деб сўради у.

— Мен...бил..майман, — ҳи­қиллади қизча.

— У ҳолда, сизга қандай мўъжиза кераклигини билиш учун ­укангизни кўришим керак, — деди башанг кийинган нотаниш одам.

Остонада машҳур жарроҳни кўрган ота-она қувончдан йиғлаб юборди. Онасининг “Қизиқ, бу мўъжизанинг баҳоси қанча тураркан?” деганини эшитган Тесси жилмайди. Ахир, у бу мўъжизани қанча туришини аниқ  биларди-да. Бор-йўғи бир ярим доллару эллик цент ва жажжи қизалоқнинг самимий ишончи!

Меҳр тарозиси қачон ихтиро қилинади?

Аслида, мўъжизалар фақат эртакларда эмас, ҳаётда ҳам рўй беради. Бироқ ҳаёт, деган улкан тегирмон тоши остида ­эзилиб қолмаслик учун шунчалар қаттиқ ҳаракат қиламизки, меҳр, деган туйғу борлигини, сенга уни тақдим этадиган инсонларнинг ­ёнингдалиги ва у Яратганнинг улуғ инъоми эканини эсимиздан чиқариб қўямиз.

...Ака талабалик даврида синг­лисининг туғилган кунларида қўлидан келганича совға-саломлар улашиб турар экан. ­Оила қургач, ташвиш кетидан ташвишлар уланиб, гоҳо ҳол сўраш ҳам насияга қолган кезлар бўлган. Аммо борди-келдилар узилмаган. Ҳаммаси вақт ­етишмаслиги важидан ўлда-жўлда бўлиб турган-да. Тўй баҳона боришиб, яхши кайфиятда тантанани ўтказиб қайтишаётса, хотин эрини туртиб гап бош­лабди. Орадан ўттиз йил ўтган воқеаларни ёдга солибди.

— Синглингизни кўрдингизми?

— Ҳа, кўрдим, — дегандай бош қимирлатди ака.

— Унинг рўмолига эътибор қилдингизми? Рўмоли...

...Жаҳли чиққан ака “синглингизнинг рўмолидан олиб беринг”, дейди деб ўйлаб кескин ва совуқ оҳангда:

— Нима қипти рўмолига? Сенга нима? — деб ғўлдираб машинанинг ён ойнасидан атрофга разм сола бошлабди.

 Хотин эса аввалги кайфиятда давом этибди.

— У сиз совға қилган рўмолни ўраб олган экан. Акам кўриб хурсанд бўлсинлар, деб.

  — А? Қачон? Қанақа рўмол? Нималар деяпсан, — дебди жаҳл ва хайрат аралаш оҳангда.

— Бир пайтлар туғилган кунида совға қилган экансиз-ку?!

Бирдан аканинг чеҳраси маъюс тортиб, олисда қолган хотиралари эсига тушибди. Охирги марта совға берганига ҳам ўттиз йилдан ошибди-ку. Хаёлини чақин ургандек тебраниб, оғриқли “уҳ” тортибди. “Бўлиши мумкин эмас!”.

— Ҳа, шундай. Асраб олиб қўйган экан. Акамдан эсдалик, деб.

 Бу гап аканинг бошига гурзидай урилибди. Жонига олов пуркаган бу гап-сўз уни гирибонидан хиппа бўғиб, то манзилига ета-етгунча тилсиз қолдириб,  карахт  қилган экан.

Энди ўйлаб кўринг. Ахир, сингил акадан бир нарса умидида эмас, балки меҳр истамаганмиди?...

Мана шундай киши билмас онларда кўнгиллар синиб, парчаланиб, тўкилиб бораверади. Кимдир меҳрга, кимдир бир оғиз ширин сўзга гадо бўлиб ўтаверади. Янада ачинарлиси, ўткинчи дунё ҳою-ҳавасларига маҳлиё бўлиб, кимдир қондош-жигарлари билан мол-мулк талашган, майда гап-сўзларни, деб ёқа йиртишган, ғазабини тиёлмай қўли қонга ботиб бораяпти. Айтинг-чи, бу танбеҳларни ким инкор эта олади. Ахир, кунда ва кунора ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлар орқали шов-шувга сабаб бўлаётган айрим қотилликлар қондошлар томонидан содир этилаётганинг гувоҳи бўлаяпмиз-ку!

Меҳрсизлик инсонни фожиага етаклайди

Дейлик, ўтган йил март ойида Фарғонада ака эски “Нексия” русумли автомашинаси устида талашиб, ўз укасини пичоқлаб ўлдирган эди. Самарқанднинг Пайшанба шаҳрида эса ука ­отасидан мерос қолган уй устида талашиб, акаси ва янгасини ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. 2017 йилнинг августида Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини ёқиб юборган. 2018 йил 14 октябрь куни Денов туманидаги 10-сонли ­умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, вояга етмаган Б.Б.И ўғли отаси Б.И.Н.нинг танбеҳларидан жаҳли чиқиб, ҳожатхонага яшириб қўйган пичоқни олиб, уни кўкрак, қорин ва сон қисмларига зарб билан урган. Оқибатда, Б.И.Н. касалхонага олиб борилаётган вақтда вафот этган. 2019 йил 9 апрель куни қиз ўз отасини пичоқлаб ўлдирган. Бу мудҳиш воқеа Нукус шаҳри Қизкетган ­элатида яшовчи оилада рўй берган. Қизнинг ўз отасини қасддан ўлдиришига нима сабаб бўлганлиги ҳақида тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ва ҳоказо...

Бу, албатта, шунчаки маълумотлар эмас, балки инсоннинг оғир кечмиши, ҳаётининг қадрсизлиги ва мудҳиш фожиаси ­эмасми? 

Афсуски, бугун ижтимоий тар­моқлар, интернет сайтлари ор­қали хабар қилинаётган бундай кўплаб фожиаларнинг юз бераётгани биз тилга олаётган меҳр-оқибат туйғуларининг йўқолиб бораётганида, дейиш мумкин.

Тўғри, бир-бирига оқибат кўрсатаётган ота-бола, ака-ука, ­опа-­сингиллар кўп. Бироқ арзимас ер учун бир-бирига қўл кўтараётган, юзкўрмас бўлаётганлар ҳам анчагина. Аҳли аёлини ҳурмат қилиб, кўрсатган меҳрига муносиб жавоб қайтараётганлар бисёр. Фарзандининг эртанги кунини ўйлаб, унга яхши тарбия берадиган, касбу ҳунарга йўналтираётганлар барчага ­ибрат. Бироқ ўткинчи ҳою-ҳавас, кўнгилхушлик, дея оиласидан юз ўгираётган, елкасига юклатилган масъулиятдан бўйин товлаётганлар ҳам йўқ эмас.  

Бироқ оз бўлса-да, айрим ­одамлар бағрида ардоқлаган туйғу — молу дунёга ўчлик бор экан, бу иллат илоҳий ришталарнинг узилишига, илдизига болта урилишига сабаб бўлиб, инсон кўзини кўр қилиб, қалбдаги меҳр булоғининг ёпилишига туртки бўлади. Шу боис ота-она вафотидан сўнг бойлик талашиб қариндошлик ришталарини узаётганлар қанча? Ёйинки, фарзандининг бахтини ўйлаш ўрнига зебу сарполар, деб ўз жигарбандини бебахт қилган ота-­оналар-чи? Бир пайтлар қилган бевафолиги, оқибатсизлиги туфайли энди­ликда фарзандининг дийдорига, чеҳрасига муҳтож бўлиб, уни кўролмай кафанга ўралган ота-оналар қанча? Юқоридаги мисолларнинг барчаси негизида, илдизида меҳр-оқибат турибди. Биз истардик-ки, илоҳий қудрат эгаси томонидан боғланган меҳр-оқибат ришталари абадул-абад ­узилмасин. Ҳа, ишонинг, дунёни меҳр қутқаради.

 

Гулсум ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири