-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ватан севгиси (2019 йил, 34-35 сон)

28.08.2019

Бу дунёда ҳамма нарсанинг, жонли-жонсизнинг Ватани бор. Тоғу тош, саҳро, сув, ўрмон, парран­даю даррандалар... ҳайвонлар бари барининг... Фақат шамолнинг ватани йўқ. Нега? Чунки, шамолнинг оёғи йўқ, унинг оёғи ерга тегмайди. У муаллақ ҳамиша. Қушларми, қушларнинг ҳаёти эса ҳам заминга, ҳам самога тегишли, улар еру кўкни ватан тутишади.

Шимол ўлкаларидан олиб келиб қадалган ниҳол жанубда баравж ўсиши оғир кечади. Буни оддийгина қилиб, иқлимга тўғри  келмади, деймиз. Бўлса бордир, лекин биз уни томири мос тушган ватанидан мосуво этдик-ку...Дарахтларнинг ҳам ватани бўлади, ҳамма нарса ватан танлайди, ватандан узилишни истамайди деган фикр хаёлимизга келмайди, очиғи, бундай ўйлаш бемаънилик бўлиб туюлади. Аслида ундай эмас, бу сахавотли замин ҳар нарсага, жонли-жонсизга ватан қилиб бўлиб берилган. Инсонга ҳам.

Кимнингдир Ватани чўлда, саҳрода, кимникидир тоғда, кимларникидир уммонлару тоғлар билан юзма-юз. Ҳар бир инсон ўзи кўз очиб кўрган маскан, томири куч олган тупроққа жон-жони билан боғланган бўлади. Ватан деган тушунча ана шу томир орқали инсоннинг жон-жонига сингийди.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз; мурдалар ҳам Ватан танлайди. Жангда ўққа учган аскарнинг ўз қуролдоши қўлларини жон ҳолатда қисиб, “...мен ҳозир ўламан, лекин танамни бу ерларга ташлаб кетманглар, Ватанимга олиб боринглар...”, деб зорланишини нима деб изоҳламоқ мумкин?  Шундай.  Ватан туйғуси ҳеч қандай изоҳга сиғмайди. Ватанни  сўз билан эмас, жавдирабгина турган кўз билан, тиниқ табассум ва шукроналик нури ёйилган ёниқ юз билан ҳам севиш мумкин. Юрак билан севиш мумкин. Юрак тит­роққа тушганда тилга сўз келармиди, юрак гапирмаслиги мумкин. Ҳа, гапирмасдан ҳам дунёдаги барча улуғ ва юксак сўзларни изҳор қила олади юрак. Буни биз, одамлар, бизнинг дўсти-душманларимиз эшитмаслиги мумкин. Нима қипти, Ватан эшитса бўлди-да. Ватан эшитади; чин гапинг­ни эшитади, бақириб айтмасанг ҳам, дунёга жар солмасанг ҳам эшитади Ватан. Юрагингдаги асл гапни тилга чиқармасанг ҳам эшитаверади Ватан.

Болакайдан сўрашибди: “Сенинг ­онанг қанақа аёл?”  Кичкинтой жавоб беради: “Менинг онамми, менинг онам дунёдаги энг чиройли Она!”  Ватан ҳам шундай. Сиз баралла айтасизми, пичирлаб гапирасизми, фарқи йўқ,  айтиб кўринг-да: “Менинг Ватаним дунёдаги энг гўзал Ватан!”  Қандай?  Ботинингизда,  томир-томирларингизда Ватаннинг миннатдорона олқиши, ­онангизнинг меҳри каби илиқлиқ туйғусини туясиз. Демак, Ватан ҳам Сизни яхши кўради. Бор гап шу.

Мустақиллик абадий бўлсин, Ватаним!

Бош муҳаррир