-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қадриятларимизни ўзгалар қўлига қурол қилиб бермайлик! (2019 йил, 34-35 сон)

28.08.2019

Ҳашарми ё мажбурий меҳнат?

КЕЙИНГИ пайтларда негадир “ҳашар” ва “мажбурий меҳнат” тушунчаси чалкаштирилаяпти. Бу, албатта, жамият ва шахслараро муносабатларнинг кенг муҳокама майдони бўлмиш ижтимоий тармоқларда ўз аксини кўрсатди.

Келинг, аввало, ҳашар нима-ю, мажбурий меҳнат нима? Ҳашар қандай тартибда ўтказилиши лозим: мажбурийми ёки ихтиёрий, шуларни аниқлаштириб оламиз.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев 1 август куни Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашнинг янгича тизими”га бағишланган мажлисида ҳашар ва мажбурий меҳнат ўртасидаги фарқни тушунтириб берди. Вазир иқтибослари вазирликнинг Telegram каналида эълон қилинди.

“Ҳашар халқимизнинг қадимий урф-­одатларидан ҳисобланади. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. Ҳашар — ҳар доим байрам, ўзаро кўмаклашиш, қийинчиликлар қаршисида жипслашиш ва биргаликда уларни енгиб ўтишидир”, — деган эди ўшанда вазир. Ростдан ҳам ҳашар миллий анъана бўлиб, асрлар оша халқимизнинг ўзаро бирдамлигини қувватлаган, бир-бирига беминнат кўмаклашиб, яқинлар ҳолидан хабар олган ўзбекларнинг ишидир. Яна шуни ҳам айтиш керакки, ҳашар фақат ўзбеклар ва яна ўзбекка яқин саноқли шарқ элатларигина англайдиган тушунча. Хорижда, масалан, ҳашар нима эканлигини тушунмасликлари мумкин.

Вазирнинг таърифига таянадиган бўлсак, борди-ю, эрта тонгдан, айтайлик, шифохона ёки мактаб ходимларини уларнинг розилигини сўрамасдан автобусга солиб, автойўллар бўйидаги ҳудудларни супуришга олиб кетиш — бу ҳашар эмас, балки мажбурий меҳнатдир. Ундан ҳам ёмони бу каби “ҳашарлар”да қатнашишдан бош тортгани учун ходимларга нисбатан ишдан бўшатиш даражасигача интизомий чоралар кўрилишидир. Ҳашар ва мажбурий меҳнат ўртасидаги фарқни аниқ тушуниб олиш жоиз. Ҳашар — ўзаро ихтиёрий кўмаклашиш ва байрамдир. Мажбурий меҳнат — бирор жазо қўллаш таҳдиди ­остида иш бажаришдир, дея таъкидлаган эди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири.

 

Ҳашар Қандай амалга оширилади?

Ҳашар ва мажбурий меҳнатни янаям яхшироқ фарқлаб олиш учун қонуний равишда ҳашар қачон, қандай ҳолларда ва қандай тартибда амалга оширилишини билиб олиш лозим. 2018 йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Рес­публикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда ходимларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ва ўзга ташкилотлар ходимларини, талабалар ва ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг барча ҳолатларига чек қўйиш белгиланди. Бу туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, бошқа турдаги ишларга ҳам тааллуқли эди. Ана шу ҳужжатда ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши ва унинг тартиби қандай бўлиши белгиланди. Қарорга кўра:

  • умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори давлат органлари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурий тусга эга. Одатда, улар давлат байрамлари арафасида чиқарилади.
  • ҳашар қатнашчилари ишлайдиган ташкилот ҳудудининг ўзида, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига риоя этган ҳолда ўтказилади;
  • ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш жойларини тартибга келтириш бўйича ишлар бажарилади.
  • Бошқа турдаги жамоатчилик ишларини, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларини бажаришга мажбурлаш қатъиян тақиқланади.
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини фақат тегишли маҳалла ҳудудидаги ишларга жалб этишлари мумкин. Бунда қуйидаги турдаги ишларни бажаришга йўл қўйилади:
  • ободонлаштириш ва кўкаламзорлаш­тириш;
  • болалар, спорт майдончаларини жи­ҳоз­лаш;
  • моддий маданият мерос объектларини соз ҳолатда сақлаш;
  • дафн этиш жойларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва соз ҳолатда сақлаш.

Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.

Кўриниб турибдики, бу ҳашарнинг қонуний тартибга солинган ҳолати. Бундан бошқача тарздаги ишларга йўл қўйилмаслиги ҳуқуқий ҳужжат билан белгилаб қў­йилди.

 

Шундай миллатмизки...

Демак, мажбурий меҳнат билан ҳашарни фарқлаб олдик, қонуний равишда ҳашар ўтказиш тартиби кандай белгилангани билан танишдик. Аммо тан олиш керак, томиримизда шундай қадриятлар қони оқадики, баъзи нарсаларни қонун эмас, анъаналар тартибга солади. Юқорида ҳашар уюштиришни миллий анъана, деб атадик ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Бир девор қўшнимиз иморат кўтарса, унга бир ғишт қўйганчалик ёрдамни фарз, деб биламиз, бу — бизнинг миллат! Қариндошларимиздан бири уйда уста ишлатса, ёрдамга интиламиз, ҳеч бўлмаса, бир коса овқат чиқарамиз. Бу ҳам ҳашар ва бу — бизнинг миллат! Қўшнимиз, яқинимиз, танишимиз, ишхонадаги дўстимиз, ҳамкасбимиз, қўйингки, раҳбаримиз ҳашарга айтса, имкон қадар отланамиз, беминнат хизмат қиламиз. Бу — бизнинг миллат! (Раҳбарнинг уйига ҳашарга бориш унинг кўзига яхши кўриниш ё ишдан айрилиб қолишдан қўрқиш важидангина бўлмаса керак, ҳар ҳолда бу жараёндаги меҳнат сидқидилдан бажарилади. Афсус­ки, ижтимоий тармоқларда акс талқинлар тўлиб ётибди).

Ён-атрофимизни тоза тутишга интиламиз, маҳалла ободонлигига иложимиз етганча ҳисса қўшамиз, фақат қўрғонимиз ва унинг томорқасинигина эмас, қадамимиз етган ҳар бир жойни ватан, деб биламиз ва унинг ободлиги учун ҳаракатда бўламиз, бу — бизнинг миллат!

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дедилар”. Бу Ҳадисда Пайғамбаримиз покизаликни иймонни ярмига тенглаштирганлари бежизга эмас. Чунки банданинг қиладиган амаллари, ибодатлари қабул бўлиши учун тозалик шарт қилинган.

Бошқа бир ҳадисда, Расуллуллоҳ ­алайҳиссалом айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳушҳолдир — ҳушҳолликни суяди, ­озодадир — озодаликни суяди, карамлидир — карамлиликни суяди, сахийдир — сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг!” дедилар”. Бу ҳадисдан маълум бўладики, инсон Аллоҳ таолонинг наз­дида суюкли, маҳбуб бўлишни хоҳласа, ­амаллари, яхшиликлари ижобат бўлишини истаса озода, карамли, сахий ва албатта, атрофини, ҳовли-жойларини покиза тутмоғи лозим бўлади. Пайғамбаримиз каломи ила неча асрлардан ошиб келган бу қад­риятлар қонимизга, онгимизга, шууримизга сингиб кетган. Бу — бизнинг миллат!

 

Ватан, миллат... эътиқод!

Шукур Холмирзаев “Қора камар” драмасида қаҳрамони Хуррамбекнинг тилидан шундай сўзларни айтган эди: “Э-э, дунёйи қўтир. Менга бола ширин эмасми? Мен ҳам отаман, ахир... Аммо боладан ҳам азиз нарсалар бор-ку оламда?! Ватан, миллат... эътиқод!”.

Жон қадар азиз миллатни покиза сақлаш, унинг шаънига отилиши мумкин бўлган маломатларга қарши туриш ҳозир бизнинг чекимизда эмасми?

Билъакс, ноқонуний мажбурий ҳашарлар уюштирилаётгани билан боғлиқ турли мазмундаги, ўзгача талқиндаги айрим гап-сўзлар кўнгилни хира қилади. Интернетнинг тўс-тўполонли оламига неки бир аралашиб қолиш илинжида турли ҳудудларда одамлар бирлашиб, амалга ошираётган ободонлаштириш ишларига мажбурий меҳнат тусини бериб аюҳаннос солаяпмиз. Алалоқибат, нимага эришаяпмиз? Бу миллатимиз имиджини бироз бўлса-да, қуйида кўришдан манфаатдор бўлган айрим хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари учун қўл келаяпти, холос.

Интернет нашрларидан бирида яқинда чоп этилган қуйидаги хабарга эътибор беринг: “Тошкент вилоят, Янгийўл шаҳридаги 9-мактабдан ёзмоқдамиз. Ўқувчилар таътилда эканига қарамай, мактабда ­ишларга жалб этилди. Директор ўқувчиларни ҳашар ниқоби остида ишлатмоқда...”. Бу хабар 22 август куни сайт таҳририятига келиб тушгани маълум қилинган. Ўқувчилар учун мактаб илм даргоҳи, зиё мас­кани, иккинчи уй — шундай эмасми? 9 ойнинг 60 фоизидан кўпини шу даргоҳда ўтказадилар. Таътилда бўлсалар-да, мактабнинг ободончилиги учун ҳисса қўшиш­лари айни муддао-ку! Агар бу ҳашар мажбурий тартибда бўлган тақдирда ҳам бунинг ­ёмон томони йўқ, деб баҳолаш керак, тўғрироғи, қалтис томонга бурмаслик керак буни. ­Ўсиб келаётган ёш авлод ­учун меҳнат, айнан, жисмоний меҳнатнинг фойда бўлса фойдаси бисёр, асло зарари йўқдир. Қолаверса, “мажбурий” чақириб ­олинган шу болалар таътил вақти нималар билан мажбур эканлар? Ҳаммалари ҳам таътилда ўқиш керак бўлган китобларни ёд олиб, илму урфонга буткул шўнғиб кетмаган бўлсалар керак? Илм даргоҳини ўқув йилига тайёрлаш учун ярим ёки бир кун меҳнат қилган ўқувчиларни мажбурий меҳнатнинг қурбонлари сифатида кўрсатиш бизнинг миллатга хосми? Бир бурда этлигидан меҳнатда суяги қотган бизнинг миллатга-я?

Шовот туманидан ёзилган яна бир хабарда 17-18 август кунлари республика бўйича умумхалқ ҳашари ўтказилгани, унда иштирок этгач, яна бошқатдан ҳашар уюштирилиб фуқаролар жалб этилгани ҳақида норозилик ёзилиб, буни мажбурий меҳнат, дея баҳолашган. Энг ачинарлиси, бу нолишларнинг кетидан қўйилган расмларга қарасангиз, баҳорнинг илк кунлари эканлиги, мажбурий меҳнатдан “эзилиб” ишлаётган одамлар иссиқ кийимларда эканлигига гувоҳ бўласиз. Бу нима, ғирром ўйинми?

Яна бир хабар: “Фарғона вилоят архиви ходимлари номидан ёзмоқдамиз. Архив иши бошқармаси раҳбари Ю.К. барча ходимларни уйида лой босиш ишига мажбуран олиб борди. Ходимлар иш жойини йўқотишдан қўрқиб индамай мардикорлик қилди. Мажбурий ҳашар иш кунида ­амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарияти мажбурий меҳнатни кескин танқид қилаётган бир пайтда бу ишни қандай баҳолаш мумкин?” Хабар 18 август куни келгани маълум қилинган. Бу маълумотга энг яхши муносабат ўрнида хабар тагида қолдирилган комментлардан бирини таҳрирсиз беришни муносиб, деб билдик:

Фаррух АхнАзаров:

“...бу баъзи бир онги паст мухбирлар, блогерлар дастидан инсонлар ҳашар қилиши ҳам катта ­муаммога айланиб кетади, шекилли”.

 

Хулоса

Мажбурий меҳнат билан боғлиқ ­муаммоларга қонун доирасида чора кўрилаяпти. Бунинг қонуний механизми бор, муҳими. Шундай бўлса-да, мажбурий меҳнат кўринишлари турли ҳудудларда ҳамон бор эканлигини инкор этмаймиз. Бугун бўлмаса эртага мажбурий меҳнатга чек қўйишнинг қонуний механизми такомиллашади, аста-секин бу иллат бизни тарк этади. Ҳар ҳолда шунга ҳаракат қилинаяпти. Аммо меҳнат билан маънан ва жисмонан юксалган, меҳнатда суяги қотган, шу билан руҳини поклаган ўзбек халқига ҳашарнинг малол келиши асло жоиз эмас. Бу ­ишлар биз учун “ҳеч гапмас” бўлиши керак, аждодларимиз ­учун шундай бўлган-ку! “Меҳнатнинг таги роҳат”, деган мақол тилда сийқаси чиққан бўлса-да, ­унинг моҳияти нақадар чуқур эканлиги аён. Бу балки фақат бизга аёндир, чет элларда қўшнига бир коса овқат чиқариш тушунарсиз ҳол — биз эса бунинг маънисини оддий сўзлар ила ифода этиб бера олмаймиз. Буни қалбимиз, азалий қадриятлар барқ урган тафаккуримиз билан ёлғиз ўзимизгина англаймиз, бу — бизнинг миллат!

Бугун ижтимоий тармоқлар оламида, шахснинг, давлатнинг, миллатнинг обрўйини туширишни арзимаган гап-сўзлар (балки исботсиз маълумотлар, ёлғонлар) ва арзимаган сониялар ҳал этади. Биз ­эса фақат ўзимиз ҳис этадиган қадриятлар тамойилларини ўзгалар қўлига миллат нуфузини туширишлари учун қурол қилиб бермайлик.

 

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири