-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тинчлик ва ишонч тўшалган йўллар Ўзбекистонга чорлайди! (2019 йил, 34-35 сон)

04.09.2019

ЯНГИЛАНАЁТГАН Ўзбекистон бугун бутун дунё нигоҳида. Сайёҳлар оқими кун сайин, ­соат сайин ошаётганлигига барчамиз гувоҳмиз. Ўзбекис­тонга дунёнинг хоҳлаган давлатидан сайёҳларнинг келишига кейинги икки йилда қаратилган эътибор, берилган имконият ва имтиёзлар юртимизга сайёҳлар оқимининг ошишига сабаб бўлганлигини жуда яхши биламиз. Энг асосий ИМКОНИЯТ эса аниқ — ТИНЧЛИКнинг барқарорлиги!

Оддийгина мисол келтирадиган бўлсак, ҳар гал Афросиёб тез­юрар поездига чипта ­олиш учун Ўзбекистоннинг қайси шаҳрига йўлга отланиб, темир йўл вокзалига борсангиз, билет танқислигига дуч келасиз. Авваллари вагонларнинг деярли ярми бўш, чипталар эса бемалол эди. Сабаби аён — мамлакатимизга келаётган чет эллик сайёҳлар кўплигидан, улар учун олдиндан буюртмалар қилинганлигидан чипталар етишмаётганлиги аниқ. Биз чиптасиз қолиб, қанчалик диққат бўлмайлик, она юртимизни кўриш иштиёқида Ўзбекистонга ташриф буюраётган меҳмонларга хуш келибсиз, деймиз.

Бугун сайёҳлик, яъни туризм ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатадиган муҳим тармоқлардан бирига айланиб улгурди. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълум қилишича, дунё ялпи маҳсулоти ҳажмининг ўндан бир қисми, халқаро инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи туризм ҳиссасига тўғри келади.

Ва бу қаторда қуёшли она ­юртимиз ҳам бор. “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да соҳа ходимлари учун туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини кучайтириш, янги туристик маршрут йўналишларни яратишга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Президентимизнинг Олий Маж­лисга қилган Мурожаатномасида ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири бу — туризм ҳисобланиб, Ўзбекистон бу соҳада улкан салоҳиятга эга бўлган давлатлардан эканлиги, юртимизнинг бетак­рор табиати, гўзал дам олиш зоналари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиши мумкинлиги таъкидланган. Энг муҳими, Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларидаги муқаддас қадамжо ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган “кичик ҳаж” дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш зарурлиги, мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланган.

Бу бежиз эмас, албатта. Юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир ҳудудида сайёҳларни ўзига мафтун этадиган гўзал ва бетак­рор масканлар бор.

Жумладан, дунёга довруғи кетган Самарқанду Бухорони бир келиб кўрган киши бу муқаддас кентларга кўнгил боғлайди. ­Амир Темур салтанати довруғидан ёдгор бўлиб қолган тарихий обидалар, Шариф Бухоронинг кўнгилларни ёритувчи, миллатни ғурур ва ифтихор қанотида юксалтирувчи Минораи калонлари, Хиванинг замон ва заминдаги силсиласи, гўзал Тошкентнинг муқаддас гўшалари, барча-барчасида Ўзбекистон, деган чексиз фахр бор.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи ярмида 3 034 834 нафар сайёҳни қабул қилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2025 йилга қадар сайёҳлик соҳасида олинаётган даромадларни 2 миллиард АҚШ долларига етказишга қарор қилган.

Республикамиздаги довруғи етти иқлимга кетган бебаҳо қадимий кентларни бир кўриш ­учун миллионлаб километр йўл босиб келаётган хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга қайта ва қайта келаётганлигининг ўзига хос сирлари бор.

Юртимизга ташриф буюраётган ҳар бир сайёҳ хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар идоралари қошида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил қилинган. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларимизда хорижий сайёҳлар учун қулайликлар яратиш мақсадида хорижий ва миллий валюталар (Visa Gard, Master Gard, American Express, China Union Pay ва бошқалар) билан ишловчи автоматлашган валюта айрибошловчи банкоматлар ишга туширилган.

Шунингдек, тарихий шаҳарларимиз билан чет эллик сайёҳларга хизмат қиладиган тўғридан-тўғри авиа қатновларнинг йўлга қўйилганлиги ҳам сайёҳлар оқимининг кўпайишига асосий сабаблардан ҳисобланади.

 Фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кела оладиган давлатлар сони 85 тага етганлиги ҳамда 77 та давлат фуқаролари эса Ўзбекистонга келиш учун электрон виза олиш имкониятига эга эканлиги ҳам эътиборга молик. Шунингдек, республикамизда кейинги икки йилда янги халқаро фестивалларнинг ўтказилиши, албатта, асрлардан садо бериб, дунё аҳлини ўзига қаратаётганлиги шубҳасиз. Масалан, Бухорода ипак ва зираворлар фестивали, Хоразмда қовун сайли, Навоийда узум сайли, Наманганда гуллар байрами, Шаҳрисабзда фольклор, Сурхондарёда бахшичилик фестиваллари, Тошкентда Буюк Ипак йўли халқаро сайёҳлик ярмаркалари, сайллар, ҳатто чет эллик ишбилармонлар иштирокидаги халқаро форумлар, булар шунчаки анжуман ­эмас, улуғ бир карвоннинг қўнғироғи, чорлови, қадим тарихга юксак эҳтиром. Нафақат зиёрату саёҳат, балки маърифат, санъат ва маданият тантанаси бу.

Осмонўпар минорлар қарши­сида тиз чўкаётган фаранг хонимлари, тилими тилни ёрадиган қовунлар таъмидан лол қолган америкалик жаноблар меҳмондўст ўзбек элини асло ­унутмайди.

 Давлатимиз раҳбари “Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Айниқса, тиббиёт туризми, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий соҳалар ривожига ҳам катта туртки беради”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, шундай. Бу борадаги ишлар энди изга тушмоқда. Айнан чўл ҳудуди бўлган Навоий вилояти ҳам ўзига хос табиати ва табиий бойликлари билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Вилоятда экотуризмни ривожлантиришга ҳам тарихий, ҳам қадимий, ҳам табиий асос­лар етарли. Масалан, бугунги кунда табиий-археологик маж­муа музей-қўриқхонага айлантирилган Сармишсой дарасида 10 мингдан ортиқ петроглифлар борлиги кўпчиликка маълум. Расмларнинг асосий қисми 22,5 километр масофадаги қоятош­ларга ўйиб ишланган бўлиб, улар нафақат республикамиз, балки жаҳон миқёсида аждодларимиздан қолган энг сара гавҳар — ноёб маданий ёдгорлик сифатида тан олинган. Халқаро сайёҳлик йўналишларидан ўрин олган бу масканга доимий равишда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар жалб этилиб, уларга музей хизмати кўрсатилиб келинмоқда.

Яна бир мўъжиза — Сангижумон — Нурота тоғ тизмасининг тармоғи бўлган Оқтовнинг жанубий ён бағридаги қишлоқда жойлашган бу тош Сангижумон сойи бўйида 900 метр баландликда жойлашган бўлиб, тоғ юзида бандидан узилган лола гул шаклида турибди. Унинг айланаси 20 метр, баландлиги 6 метр, оғирлиги 280 тоннадан зиёд.

 Дунёнинг фақат иккита нуқтасида, яъни Қуддус шаҳри ва Хатирчида мавжуд бўлган бу мўъжизани ҳам сайёҳлар кўрса қойил қолиши аниқ. Ушбу улкан ҳарсанг тош шунчалик енгил теб­раниб турадики, уни ҳатто 12-14 ёшли бола ҳам бир қўлда қимирлатиши мумкин.

Бу тош яқинида иккинчи сирли ҳарсанг тош “Тешик тош” бўлиб, ривоятларга кўра, ушбу тош тешигидан фақат гуноҳи йўқ ­одамларгина ўта олади, деган ҳақиқатлар бор.

Сайёҳлик элларни элларга, дилларни дилларга боғлайди. Қизилқум барханлари бағридаги афсонавий Айдаркўл у ердаги “Қизилқум сафари” туристик фирмаси орқали бундан бир неча йил аввал дам олиш учун келган япониялик бир гуруҳ сайёҳларда катта таассурот қолдирди. Сайёҳларни Айдаркўлнинг бепоёнлиги, сувларнинг ложувард товланиши билан бир қаторда, халқларимизнинг ички дунёсидаги маънавий бойлик, урф-одатларимиз, қадриятларимизнинг муштараклиги, овулдаги мўъжазгина мактаб ўқувчилари ўзига тортди. Япониялик волонтёрлар гуруҳи ҳар йили келганда, Дўнгалак овулига кирмасдан, бор-йўғи 90 нафар ўқувчи ўқийдиган 27-мактаб болаларини кўрмасдан, уларга совға улашмасдан кетмайдиган бўлишди.

— Бу йилги келишимизда мактаб ўқувчиларига бошқача совға билан келдик, — дейди гуруҳ раҳбари Ми Цу Ока. — Чунки бу совғаларни бизга Япониядаги мактаб ўқувчилари ўзлари шоли экиб, ўша шоли ҳосилидан олган даромадлари маблағига олиб беришди ва бу ўқув қуролларини дўнгалаклик дўстларига топширишимизни илтимос қилишди. Уларнинг ўқувчиларга ёзган дўстлик хатларини ҳам олиб келганмиз.

 Юртбошимиз таъкидлаганидек, туризмни янги-янги қирраларини кашф этган ҳолда ривож­лантириш билан иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш фурсати аллақачон етди. Масалан, юртимизда қўриқхоналар мисолида фикр юритадиган бўлсак, жайронларни кўпайтирадиган 7 та қўриқхонадан бугунги кунда бор-йўғи биттаси 1977 йилда бунёд этилган — Бухоро вилоятидаги “Жайрон” қўриқхонаси яшаб қолган холос.

 У ҳам глобал ахборот майдонида рекламанинг йўқлиги сабабли ўз қобиғига ўралиб қолган. Чет эллик эмас, ҳатто ўзимизнинг сайёҳларни ҳам жалб қилишга эътиборсизлик оқибатида жуда кўп иқтисодий қийинчиликларга ҳам дуч келишга сабаб бўлмоқда. “Жайрон”га бир йилда бор-йўғи 2 мингга яқин сайёҳ ташриф буюришини назарда тутадиган бўлсак, аҳвол қанчалик эътибор талаб эканлигини тушуниш қийин эмас. Ҳисоблаб кўринг, агар ҳар куни марказга юзлаб сайёҳлар ташриф буюрса, директорнинг “Бу ерда катта ишларни амалга оширишга маблағимиз йўқ”, де­йишига ҳожат қолмасмиди?

Шу ўринда буни Хитойнинг сўлим масканларидан бири Гулангю оролига сайёҳлар оқими билан солиштирадиган бўлсак, фойдаланилмаган ва бой берилган имкониятларга ачинасиз. Гулангю оролида яшовчи халқ кам, аммо келиб-кетувчиларнинг сон-саноғи йўқ. Бу ички туризм­нинг ривожланганлигидан далолатдир. Бу орол транспортсиз, фақат ноёб гуллар ватани бўлган мусаффо макон. Оролга ошиқаётган теплоходларга танаффус йўқ, уларнинг кети узилмайди. Одамлар ўтган асрлардан қолган фортопьянолар жой олган пианинолар музейини кўришга навбатда туради. Бизда ҳам жонсиз пианинолар эмас, балки жонли оҳуларни, жайронларни кўриш учун дунёнинг энг бой давлатларидан сайёҳлар жон-жон, деб келишига шубҳа йўқ. Фақат улар учун замонавий шарт-шароитлар яратилиб, чорлаш кифоя.

Шунда тинчлик ва ишонч тўшалган йўллар дунёнинг барча давлатларидан сайёҳларни Ўзбекистонга чорлаши аниқ!

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

 “Инсон ва қонун” мухбири