-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Обуна — 2020 адлия идоралари биз билан! (2019 йил, 36 сон)

11.09.2019

Салауатдин ХУДАЙБЕРГЕНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири:

Матбуотга Хитойча муносабат

— ХИТОЙДА бўлганмисиз-йўқми билмадим. Мен 2018 йил май ойида Хитойда бўлганимда, (ўша пайтда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати эдим) уларнинг ҳайратга соладиган, ўрнак олса арзийдиган бир жиҳатига қойил қолдим. Истироҳат боғлари, тарихий-маданий ёдгорликлар, кўнгилочар масканларда одамлар (асосан ўрта ва кекса авлод вакиллари) газета ўқир экан. Хитойда обуна бўлмаганлар ҳам газета ўқиши мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Ҳукумат 16,8 миллиард юань сарфлаб, мамлакат миқёсида 600 мингта махсус газета ўқиш хоналарини қуриб фойдаланишга топширган. Шаклан кутубхоналарга ўхшаш бу масканларда ­одамлар газеталарнинг янги сонини бепул ўқиш­лари мумкин.

Ҳамма ҳукуматнинг мазкур тадбиридан сўнг босма нашрларнинг обунаси “ўлгандир-а”, деб ўйлаши табиий. Йўқ, аксинча, Хитой босма оммавий ахборот воситаларининг адади бўйича сўнгги йилларда ­дунё миқёсида етакчилар сафида қолмоқда. Сайёрамиз миқёсида энг кўп ададга эга бўлган 100 та газетанинг тўртдан бири Хитойга тегишлидир.

Айтмоқчиманки, босма нашрлар ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Айнан таҳририятларда профессионал журналистлар тайёрланади. Яна бир гап. Обуна бўлишга чақириқ — бу маърифатли бўлишга чорлов. Уйингга биттагина газета кириб борса, бу билан нафақат ахборотга эга бўлиш мумкин, балки савод чиқаришинг, жумла тузишни ўрганишинг, огоҳ бўлишинг, саволларингга жавоб ­олишинг, керак бўлганда таҳририятдан муаммоларингга ечим топишинг мумкин. Ўзини зиёли ҳисоблаган инсон борки, хонадонида ёки иш столида, албатта, ­ўзининг севимли нашри туради. Айниқса, бу ҳуқуқий нашр бўлса фойдадан ҳоли бўлмасди.


 

Абдумуталиб Дадажонов,

Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Ўзимизнинг юзимиз

— КУНДАЛИК газеталарни мутолаа қилар эканман, бир маърифатпарвар юртдошимизнинг ўзаро суҳбатда айтган гапи ёдимга келаверади. “Мен одатда газетани ўқиб бўлгач, уни дастурхон четига қўйиб қўяман, токи дас­турхон атрофига йиғилган оила аъзоларим ҳам унга кўзи тушиб уни варақлаб кўрсин ва албатта, ўзига қизиқ бўлган ниманидир ўқийди ва бундан тафаккури ошади, чунки газеталарнинг ёлғон, олди-қочди таъбир жоиз бўлса, ғийбатдан холи эканлигига ишонаман”. Кўриниб турибдики, зиёли танишимиз бу иши орқали фарзандларини ҳам мутолаага, ҳам нимани ўқиш кераклигига ўргатмоқда. Бугун замоннинг ўзи ҳам кўп ўқиб-ўрганишни, илмли бўлишни олдимизга кўндаланг қўймоқда.

Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз, ўқиб-ўрганишнинг ҳам имконияти кенгайган. Биздан эса талаб қилинадигани нимани ўқиб, кимдан нимани ўрганишимизни англаш. Шу маънода айтганда, бугун кўпроқ газета, журнал ва китоб ўқишга ­одатланишимиз ва фарзандларимизни ҳам шунга ўргатиш тўғри ва бехатар йўл, деб ўйлайман. Чунки фарзандингизнинг қўлига мана буни ўқи, деб китоб, газета, журнални бехавотир тутқазишингиз мумкин. Мана бундан ўқиб ўрган, дея унинг олдига интернет ёки телефонни қўйиш эса... билмадим ҳар қалай мен фарзандларимнинг булардан йироқроқ бўлишини хоҳлайман.

Адлия вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган катта жамоанинг юзи бўлган “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетаси ҳам кенг оммани холис ва ишончли ахборот билан таъминлашда муҳим ўрин тутиб келмоқда. Шундай экан, ушбу газета йил давомида ҳар биримизнинг қўлимизда, хонадонимизда бўлишини чин дилдан хоҳлардим.


 

Шокир САИДОВ,

Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Мен бугун обуна бўлдим

— БУГУН тарғибот сўзи одамлар орасида бироз баландпарвоз сўз сифатида талқин қилинаяпти. Тўғри, анча йиллар тарғибот ўтказиш керак экан деб, аудиторияга мажбурий тарзда одамларни йиғиб, зерикарли маърузалар билан уларни бездириб юбордик. Аммо ҳозир тарғибот, айниқса, ҳуқуқий тарғиботни олиб бориш механизми ўзгарди. Хусусан, Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан бу борада янгича услублардан фойдаланилмоқда. Аввало, ҳуқуқий тарбияни боғча ёшидаги болалардан бошладик. Йигирмадан ортиқ МТМда турли ҳуқуқий маълумотларни қизиқарли ўйинлар, тас­вирлар орқали етказишга эътибор қаратилди. Кейинги босқичда эса мактаб ўқитувчиларининг ҳуқуқий билимлари оширилди. Бу жараёнлар мастеркласслар, тренинглар, савол-жавоблар шаклида ўтказилди. Биласиз, Жиззах табиати, айниқса, пурвиқор тоғлари ўзига хос, бетакрор. Бу ерда туризм яхши ривожланган. Шу сабабли тадбиркорлар ўртасида туризмни ривожлантириш, соҳада фаолият юритишнинг ҳуқуқий асослари, йўл-йўриқлар, маркетинг бўйича маслаҳатлар ҳеч бир ишбилармонларни бефарқ қолдирмади. Шунингдек, жиззахликларга маъқул бўлаётган “Ҳуқуқшунос такси” лойиҳасида ҳуқуқшунослар томонидан фуқароларга энг зарур ҳуқуқий билимларни бериш билан бирга қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилаяпти. Муҳими, тарғибот юзлаб аудиторияни йиғиб ўтказишга эмас, балки манзилли тарзда, аудиториянинг хоҳиш-истагидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилинишига эътибор қаратилмоқда.

Яна бир нарсани айтишим керак. Тарғибот қачон самарали бўлади? Қачонки у аудиторияга етиб борса, албатта. Буни етказувчи эса матбуотдир. Тўғри, ёш авлод интернет орқали ҳам ўз билимларини ошириб олаяпти. Аммо газетадан билим олиш бошқа. Боиси, интернетда чиққан ҳар бир ахборотни ҳам тўғри, деб бўлмайди. Муаллиф нотўғри хабар жойлаштирган бўлса уни устидан тўғрилаб қўйиш мумкин. Интернет трафигингиз бўлмаса ҳам интернет нашрларни кузатолмайсиз. Матбуот эса доим уйингизда. Барибир газетани варақлаб ўқиганга етмайди. Унга қайта-қайта мурожаат қилишингиз, муҳим жойларини ўзингиз учун белгилаб ­олишингиз ҳам мумкин.

Шахсан ўзим иш кунимни, аввало, даврий нашрларни ўқиб кўришдан бош­лайман. Чунки уларда бугунги куннинг энг долзарб воқеа-ҳодисалари баён қилинган бўлади. Биласиз, ахборотдан бир қадам ортда қолган одам ўз устида ишлашдан тўхтаган кабидир. Шу сабабли ҳамкасбларимни ва барча ҳуқуқшуносларни, шу билан бирга ҳуқуқини танишга бўлган иштиёқи баланд юртдошларимизни, ҳуқуқий нашрлар ичида энг етакчи бўлган “Инсон ва қонун”га обуна бўлишга чорлайман. Мен ушбу нашрга бугун обуна бўлдим, Сиз-чи?


 

Шерзод БАҲРОНОВ,

Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Тўртинчи ҳокимият билан биргамиз!

— НЕ-НЕ замонларда ҳам, не-не даврлардан буён газета мафкуранинг ўткир қуроли бўлиб келган. Бугун ­оммавий ахборот воситаларига берилган “Тўртинчи ҳокимият”, деган таъриф гўёки қоғозда қолган ижросиз ҳужжатга ўхшаб қолди. Кейинги йилларда газета-журналларнинг мавқеи, нуфузи бироз тушиб қолгандек. Чунки ­одамлар ҳозир газета-журналлардан кўра кўпроқ турли интернет тармоқларига тобе бўлиб бормоқда. Бу тобеликнинг оғир бадаллари борлиги кўпчиликни ташвишга солмаётгани ачинарли, албатта. Мафкура майдонига қадам босишга қудрати, журъати, билими, савияси етмаётган айрим раҳбарлар мажбурий обуна, деган иборага ёпишиб олиб, аввало, ўзларини ишонтирмоқчи бўлишди. Газета ва журналларга обуна бўлмаслик учун барча ҳунарларини ишга солган айрим амалдорлар респуб­ликамизда чоп этилаётган баъзи етакчи нашрларни ўқиш уёқда турсин, ҳатто номини ҳам билмайдиган даражага етди. Бу эса маърифатли инсонларга хос эмас. Ахир, ҳаммамиз ҳам китоб, газета ва журналларни ўқиб, дунёни англаганмиз.

Иш юзасидан қўшни давлатларда сафарда бўлганимизда биринчи навбатда одамларнинг ёши касби-коридан қатъи назар қўлида китоб ёки газета-журнал борлигига кўзимиз тушади. Яна бир оддий ҳақиқат бор. Саводли одам китоб мутолаа қилади, газета-журнал ўқийди. Саводсиз одам баҳона қидиради.

“Инсон ва қонун” газетасини фақат ­юристлар ўқийди, деб ўйлаганлар катта хато қилади. Бу газетани барча ўқиши керак. Ўз ҳақ-ҳуқуқини билишни истаган ҳар бир фуқарога “Инсон ва қонун” газетаси сув билан ҳаводек зарур.

Адлия тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни халқимизга етказишда ҳам вазирлигимиз муассислигидаги газетанинг муносиб ҳиссаси бор.

Ўтган йили обуна мавсумида севимли газетамиз обунасини самарали ташкил этганмиз. Бу йил ҳам Навоий вилояти биринчилардан бўлиши аниқ. Биз тўртинчи ҳокимият билан доимо биргамиз!


 

Хайрулло САБИРОВ,

Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Матбуотга юзаки қарамайлик!

— Давлат ва жамиятда, сиёсатда, кундалик ҳаётда матбуотнинг ўрни беқиёс. Аммо бугун мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари анча мураккаб давр­ни бошдан кечирмоқда. Кейинги вақтда рес­публикамиздаги баъзи нуфузли нашрлар ҳам бир оз танаффус эълон қилишга мажбур бўлганини жуда яхши биламиз. Матбуотга муносабат сохталигича, юзакилигича қолмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларини фуқароларимизга халқона, содда тилда етказишда оммавий ахборот воситаларининг беқиёс ўрни борлигини барчамиз тан олишимиз керак.

Бугунги матбуотда сўз эркинлиги, ҳақиқат мундарижаси бор. Ўзбекистон матбуотининг жаҳон матбуоти билан тенглаша оладиган ютуқлари бор. Янгиланаётган Ўзбекис­тоннинг нуфузини кўтарадиган, имиджини кўз-кўз қиладиган воситалар орасида энг муҳимларидан бири матбуот эканлигини тан олиш керак! Демак, матбуотга ҳам янгича муносабат, янгича эътибор зарур!

Газеталарда ёритилган танқидий материал учун газета таҳририятини, журналистни муҳокама қилиш, судга бериш ўрнига, қўлини осмонга узатса етадиган “қаҳрамон”лар мақолани ёзишга мажбур қилган муаммони тузатиш чораларини кўрса ёмон бўлмасди. Чунки матбуот раҳбарларнинг рақиби эмас, балки давлат билан халқ ўртасидаги кўприкдир.

Мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли эканлигини кўп такрорлаймиз. Аммо матбуотга, демакки, маърифатга муносабатимизни ўзгартирмас эканмиз, жамиятда ижобий ўзгаришларни тўлиқ амалга ошира олмаслигимиз аниқ.


 

Салоҳиддин НУРИЕВ,

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Газета — миллатнинг юзи

— ЎЗБЕК матбуоти, матбаачилиги кўп ­асрлик даврни ошиб ўтди. Илк матбуотимиз жадидлар ҳаракатининг ғоявий байроғи ўлароқ вужудга келди. Ўша давр газеталари, албатта, миллат манфаатларига хизмат қилиб, миллий онгнинг шаклланишига қаратилган мафкуравий восита бўлди. Хусусан, жаҳолатга қарши маърифат воситасига таянган жадид матбуоти миллий қадриятлардаги ҳашамдорлик, илмсизлик ва мустабид тузумга қарши ички ғалаённи бошлайдилар. Ўйлаб қаралса, ушбу муаммолар бугунги кунга ҳам бевосита тааллуқли. Тўйлардаги ортиқча ҳашам, қадриятларни кўр-кўрона урчитиш ва илм-маърифатсизлик юз йил ошса-да халқимиз ҳаётидан узоқлашгани йўқ. Бугун ҳам маърифатни юксалтириш сари эзгу ҳаракатлар, серҳашам қадриятларимизни тугатишга қаратилган чақириқлар, миллий бирлик ва мафкурамизни шакллантириш жараёнлари айни газета-журналлар воситасида ёйилмоқда. Ибтидосига ҳамоҳанг бугунги ўзбек матбуоти ҳам миллатнинг эски ёт қусурларига қарши курашиб келмоқда.

Кўринадики, матбуот-газета юқори ижтимоий таъсир кучига эга экан. Юз йил аввал миллат равнақи йўлида яратилган миллий газетачилигимиз бугун ҳам долзарб, аслида. Шахсан ўзим ҳам бевосита бугунги даврий нашрларни кузатиб бораман. Ахборот олишнинг анъанавий усули бўлган газеталар миллатнинг юзи ҳисоб­ланади.

Мен барча юртдошларимизни газетага обуна бўлишга чорлаб қоламан!..


 

Салоҳиддин САТТОРОВ,

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Журналистика газетадан бошланади

— 27 ИЮНЬ санасини мана неча йиллардирки, журналистлар байрам қилиб келади. Нега айнан 27 июнь матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланишини эса соҳа вакилларидан бошқалар билмаса керак. Мен бу сана тарихи газеталар билан боғлиқлиги ҳақида ўқиб қолдим. 1906 йилда нашр этилган “Тараққий” газетаси том маънода биринчи миллий нашримиз бўлган экан. Мазкур газетада Чор Россиясининг Туркистонда олиб борган мустамлакачилик сиёсати ­фельетонлар ва кучли мақолалар орқали дадил танқид қилинган. Тан олиш керак, журналистика газетадан бошланган. Ва, яна шуни ҳам айтиш керакки, ҳозир ҳам ҳақиқий журналистикани газеталарда кўриш мумкин. Телевидение, радио ва интернет нашрларини четламаган ҳолда айтишни истардимки, газеталарда барибир масала моҳиятига чуқур ёндашув, эркин ва чегараланмаган таҳлил бор. Ўйлашимча, газета хато қилишдан қўрқади. Қайси маънода? Айтайлик, имловий хатоларга жиддий эътибор беради, исботланмаган, асос­ли бўлмаган фактларни имкон қадар бермасликка ҳаракат қилади. Буларни нима учун айтаяпман? Бу ерда халқимизнинг саводи ва маънавияти масаласи турибди. Ҳеч нимадан қўрқмайдиган ва чек-чегарани билмайдиган интернет бугун одамлар савиясини қай томонга бошлаб кетаёганини кўриб турибмиз. Бугун газетанинг ўз ўқувчилари бор, албатта. ­Аммо назаримда, бу ўқувчилар сафини янада кенгайтиришимиз керак. Бу халқимизнинг маънавияти, савияси юқори бўлиши учун ҳам жуда зарур.

 Ҳар бир соҳа вакили ўз нашрини қўллаши керак, деб ҳисоблайман.

Токи ўз сўзини, фикрларини, тадқи­қотларини ўз нашри орқали айтсин. Шунда нашрлар ҳам, ўша соҳа ҳам яхши ривож топади.

 Биз адлия нашри “Инсон ва қонун”ни ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз. Фаолия­тимиз ва бошқа масалалардаги энг яхши маълумотларни газетадан ­оламиз. Бу бизнинг нашримиз!


 

Жамшидхон НУРИТДИНОВ,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Матбуотда масъулият кучли

— ЯПОНИЯЛИКЛАР кунни қандай бош­лашини биласизми? Улар тонгни бир финжон иссиқ қаҳва ичиб, ҳали босмахона ҳовури кўтарилмаган илиқ газетани варақлашдан бошлар экан. Эътибор қилинг-а, айнан қоғоз кўринишидаги матбуотни кузатишади. Дунёни ўзининг бренд ­электроникалари билан ҳайратга солиб келаётган бу давлат аҳолиси нега айнан газетани танлар экан? Саволга жавоб битта. Чунки газета маърифат тарқатади. У миллатни зиёли қилишга ўз ҳиссасини қўшади. Матбуотда айтилган сўз таъсир кучига эга. Газета чоп этилгач, ундаги бирон жумлани кейинчалик ўзгартириб бўлмайди. Шу сабабли матбуотдаги ҳар бир сўзнинг масъулияти бор, юки бор.

Қолаверса, йиллар ўтиб бугунги кун руҳини ҳам айнан матбуот орқали билиш мумкин. Кутубхоналарда махсус ҳароратда сақланиб келаётган газета таҳламлари бизга тарихдан гувоҳлик беради. Қанчадан-қанча илмий ишлар шулар ­асосида ёзилади.

Матбуотни электрон нашрлар билан қиёслашдан йироқман. Аммо бир гапни айтмасам бўлмайди. Ишончлилик, холислик нуқтаи назари­дан матбуотнинг ўрнини ҳеч бир ОАВ босолмайди. Айтмоқчиманки, матбуот ҳеч қачон “ўлмайди”.


 

Баҳрулло ҲАСАНОВ,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Ҳуқуқий маърифат булоғи

— МЕН талабалик давримдаёқ “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетасининг ўқувчисига айланганман. Шундан буён уни ўзимнинг яқин маслакдошим ҳамда ҳамкорим, деб биламан.

Албатта, Адлия вазирлиги муассислигида 23 йилдан буён чоп этилаётган мазкур газета мамлакатимиз истиқлолининг дастлабки ҳуқуқий нашрларидан бири саналади. Кимдир газетани ўқиб ҳуқуқий маслаҳат, маънавий озуқа олса, яна кимдир қонунчиликка оид таклиф ва мулоҳазаларини ўз мақоласи орқали ­юртдошларимизга туҳфа этиши мумкин. “Инсон ва қонун” аралашуви билан ёки ­унинг ёрдами туфайли ҳуқуқ ва эркинлик­лари тикланган, муаммолари ечим топган фуқароларимизнинг эса саноғи йўқ. Натижада таҳририятда республикамизнинг бош­қа ҳуқуқий нашрлари ибрат олса арзигулик мактаб яратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, газетхонлар адлия ва прокуратура органлари ходимларининг, судьялар, адвокатлар, нотариуслар ва ФҲДЁ бўлимларининг мақолалари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича хорижий давлатлар тажрибасига оид таҳлилий материалларини ҳар бир сонда орзиқиб кутишади. Бир сўз билан айтганда, “Инсон ва қонун”, дея аталмиш ҳуқуқий маърифат булоғи ҳамон илмга ташна қалбларни зиё ёғдуси билан тўлдириб келмоқда. Бинобарин, унинг кўп минг сонли ўқувчиларини келгуси 2020 йил учун ҳам обуна бўлишга чақириб қоламан. Қолаверса, обуначилар сафи янада кенгайишига тилакдошман. Зеро, юртдошларимизнинг унга нисбатан бўлган қизиқиши асло сўнмасин!


 

Ойбек МАШАРИПОВ,

Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Керакли юкнинг оғири йўқ!

— БУГУНГИ тезкор тараққиёт инсонларга кўплаб талабларни қўймоқда. Айниқса, фан-техника, интернет ва медиа муҳит ривожлана бораётган бир замонда, жамиятда яшовчи шахсларнинг дунё­қараши ҳамда ­яшаш тарзи ҳам ўзгариб бораяпти. Негаки, кундан-кунга “интернетга тобелик” кўплаб ёшларимизни, жамийки замондошларимизни, қолаверса, тан олиш керакки оила аъзоларимизни ҳам қамраб олди. Катта ­одамлардан тортиб муштдек болаларгача интернетни билмаган кимса йўқ. Кўпчилик наздида интернет ҳақиқий билим манбаи бўлиб кўринмоқда. Лекин аслида ҳам шундаймикин? Ўйлашимча, ундай эмас!

Аччиқ бир ҳақиқатни айтиш жоизки, интернет ҳукмрон бўлган пайтдан бош­лаб, асл билимнинг ўчоғи бўлган босма нашрлар, яъни газета, журнал ва китобга бўлган интилиш жуда сусайиб кетди. Аслини олганда рўй бераётган ушбу вазият тўғримикин? Мутолаадан олислашиб, маънавиятсизликка яқинлашмаяпмизми? Гапнинг индаллоси мутолаа ҳақида борар экан, аввало, газета ва журналларнинг ўқишлилик даражаси ҳақида фикр юритсам. Айни шу мавзуда ёшларнинг фикри билан қизиққанимизда, кимдир “газета ўқишга вақтим йўқ, барча маълумотлар интернетда бор-ку” деса, яна баъзилар ўқишдан кўра эшитиш ва томоша қилиш афзал эканини айтишган. Кўпчилик ижтимоий тармоқ ва мобил алоқа воситаларига боғланиб қолганини ҳам тан олиб ўтишди. Лекин газета билан интернет орасидаги тафовут анча катта. Газетадаги материаллар таҳлилий ёзилганлиги билан қизиқарли. Айниқса, “Инсон ва қонун”даги “Қонунчиликдаги янгилик­лар” рукни остида берилаётган қонунларга шарҳлар мазмундорлиги, содда ва тушунарли тилда баён этилаётгани оддий ўқувчида ҳам қизиқиш уйғотади. Газетанинг нафақат бу рукни, балки “Жиноят ва жазо” каби рукнлари ҳам барча қонун ҳимоячиларига манзур келмоқда, десам адашмайман. “Ҳа обуна бўлиб тўғри иш қилган эканмиз”, дея хурсанд бўлдим. Айтишади-ку, “Керакли юкнинг оғири йўқ”, деб. Демак, ҳар бир юридик ёки жисмоний шахс бўладими, мазмунли ва ҳаммабоп газеталарни ўқиши ва обуна бўлиши керак.


 

Актам МУҲАММАДИЕВ,

Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:

Мен нима учун “Инсон ва қонун” газетасини ўқийман?

— БУ саволга ҳеч иккиланмай, энг аввалло, маънавий озуқа ва маданий хордиқ олиш, фуқароларимиз ҳаёти, муаммолари ҳамда ­уларни қизиқтирган масалалар билан янада яқинроқ танишиш, шунингдек, юртимизнинг ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий соҳаларидаги янгиликлардан хабардор бўлиш учун, деб жавоб бераман. Шу ўринда айтиш жоизки, ҳар биримиз ҳар куни кузатиб борадиган деярли барча электрон нашрларда қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқий атамаларнинг нотўғри ёзилиши кўп учрайди, грамматик, орфографик хатоларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Айримларида эса хабар ва воқеалар нохолис, чуқур ўрганилмасдан ­юзаки тафсилотлар асносида берилаётганлиги эса янада ачинарли. Бундай ҳолатлар ўқувчиларни саводсиз қилиб қўйиши турган гап.

Вақт саракни саракка, пучакни пучакка ­ажратади деганларидек, бугунги кунда ­ОАВлари орасида босма нашрларнинг нуфузи ва ўқувчилари сони янада ортиб бораётганлиги қувончли хол. Бу бежиз эмас, албатта. Босма ­ОАВ ўзининг вазминлиги, масъулиятни ҳис эта билиш ва холислиги билан эътиборга моликдир. Хусусан, “Инсон ва қонун” газетаси рукнларининг хилма-хиллиги ва мавзуларнинг долзарблиги билан ижтимоий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга, деб биламан. Газетада ёритилаётган таҳлилий мақолаларни оила даврасида, ўқув муассасаларида, маҳалла йиғинларида муҳокама қилиш мақсадга мувофиқдир. Барча давлат ҳамда нодав­лат муассасалари ва ташкилотларининг мутасадди ходимлари, талаба ёшлар, ишчи, хизматчилари, қўйингки, барча ҳамюртларимизга “Инсон ва қонун” газетасини узлуксиз ўқиб боришларини тавсия қиламан. Бу ҳар бир инсон комиллиги учун зарур бўлган ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданиятни оширишнинг энг қулай ва энг мақбул шартидир.


 

Акбар АБРАЕВ,

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи:

Ривожланган давлатлар газетхонликда бир қадам олдинда

— БУГУНГИ техник тараққиёт ва глобаллашув жараёни ғаразли кучларнинг инсон мафкураси учун курашида қўл келмоқда. Айрим электрон тармоқлар, айниқса, ёшлар маънавиятига ва руҳиятига қайсидир маънода жиддий хавф туғдираётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли, инсон тафаккури китобга интилаяпти, босма нашрларга тобора кўпроқ эҳтиёж сезилаяпти. Бу борада энг ривожланган Европа давлатлари бир қадам олдинда эканлиги бежиз эмас, албатта. Зеро, жонли мутолаа нафақат ақлни чархлабгина қолмай, инсон руҳиятини электрон ахборотнинг тийиқсиз тазйиқларидан ҳимоя қилади. Руҳиятига дам беради, онгу шуурига дунёвий ва маънавий билимни яхши сингдиради. Хусусан, инглизлар, шведлар, америкалик ва японияликлар аллақачон, электрон ахборот воситаларининг барча турларидан воз кечишган. Улар кунни босма нашрлар мутолааси билан бошлашади, мамлакат ва дунё янгиликларидан газета орқали бохабар бўлишни афзал кўришади. Кўпгина зиёли ҳамюртларимиз эса газета ва китобсиз маънавий ҳордиқни тасаввур қилишолмайди.

Шахсий хулосамдан келиб чиққан ҳолда, “Инсон ва қонун” газетасини жамиятимизнинг барча ёшдаги қатламига тавсия қилган бўлардим. Чунки “Инсон ва қонун” ўз ўқувчиларига ҳуқуқий, сиёсий ва маънавий озуқа бера оладиган республикамизнинг саноқли нашрларидан биридир. Юртимизнинг ҳар бир хонадонига бу газетанинг кириб бориши муқаррар, ёшу қарининг қалбига зиё улашиб, дунёқарашини кенгайтиради. Ишонч билан айта оламанки, “Инсон ва қонун” газетаси орқали ҳар бир ўқувчи ҳаётнинг ҳар бир жабҳаларида учраб турадиган муаммоларига ечим, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб топади.