-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Одам савдоси жабрдийдасига айланманг! (2019 йил, 37 сон)

18.09.2019

ДУНЁДАГИ трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси одам савдоси, афсуски, фан-техника тараққиёти даври бўлмиш ХХI асрда янада авж олди. Одам савдоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан биридир. Ҳудуд ва чегара танламайдиган ушбу жиноятга қарши самарали кураш олиб боришда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб берди.

Одам савдосига қарши курашга қаратилган халқаро қонунчиликда ҳам, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида ҳам одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳимоясини таъминлаш белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил 30 июль куни “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди. Фармон билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби тасдиқланди.

Давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ­ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш Миллий комиссия­нинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Фармон билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бў­йича миллий маърузачи институти таъсис ­этилди.

Миллий маърузачи одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги вазият ҳақида Президентга ҳар йили ахборот тақдим этади.

Бу иллат билан курашишда нафақат давлат идоралари, балки фуқаролик жамия­ти институтлари томонидан ҳам самарали ишлар ­амалга оширилмокда.

Фуқаролик жамияти институтлари бу масалада асосий вазифа сифатида аҳолининг одам савдоси жинояти ва оқибатлари ҳақида хабардорлигини оширишга, муаммонинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Фуқаролик ташаббус­ларини қўллаб-қувватлаш Маркази ва унинг Фарғона вилоят бўлинмаси томонидан USAID лойиҳаси асосида, Халқаро миграция ташкилоти раҳнамолигида Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Туризм ва бизнес ҳамда Политехника касб-ҳунар коллежлари талабалари иштирокида, шу туманнинг “Софдил” маҳалласи ва Яккасарой туманидаги “Абдулла Қаҳҳор” номли маҳалла фаоллари ва аҳолиси билан йиғилишлар ўтказилди. “Оила” маркази бошқармаларининг ҳамкорлик ёрдамлари тадбирларнинг янада самарали ва таъсирли ўтишини таъминлади. Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Ёзёвон, Тошлоқ ва Қува туманларидан мингга яқин фуқароларга одам савдоси жинояти, ноқонуний меҳнат миграциянинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш берилди. Шунингдек, тадбир давомида ёшларга ва аҳолига ушбу масала юзасидан иллюстрацияларга бой буклетлар тарқатилди. Муҳими, бу буклетларда одам савдогарлари қурбонига айланмаслик, адашмаслик учун қандай идораларга мурожаат қилиш лозимлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам берилган.

Бундай тадбирлар ёшлар ва аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотди, жуда кўп саволлар ўз жавобини топди, муаммо бўлиб келаётган масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди.

Республика Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Маркази