-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

САЙЛОВ 2019 (2019 йил, 43 сон)

31.10.2019

ШУ йил 24 октябрда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжумани сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнларига тайёргарлик масалаларига бағишланди. Тадбирда асосий эътибор бу йилги сайловларнинг фарқли жиҳатлари ва Сайлов кодекси билан киритилган янги нормалар сайлов жараёнларига қай тариқа татбиқ этилаётганлигига қаратилди.

 

Шерзод РАБИЕВ,

Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи:

“Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилади”

— Бу йилги сайлов жараёнлари билан боғлиқ тартиблар, сайлов қонунчилиги, янги қабул қилинган сайлов кодекси, ундаги муҳим ўзгаришлар ва афзалликлар ҳар бир ходимга, қолаверса, аҳолига кенг қамровли тушунтирилиши лозим. Ўйлайманки, бу жараёнда ҳар биримиз фаол бўлишимиз, ҳеч ким четда турмаслиги керак. Ўзига хос аҳамияти шундаки, бу йилги сайловлар ўтган йиллардагидан фарқли равишда ихчамлаштирилган, бир неча қонун ҳужжатларини ўз ичига олган 103 моддадан иборат Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилади. Бу биринчи марта. Хабарингиз бор, шу йил 25 июнда сайлов қонунчилигига оид бир қатор ҳужжатлар консалидация қилиниб, Сайлов кодекси шаклида қабул қилинди ва Президентимиз томонидан Сайлов кодекси имзоланган эди. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур ҳужжатда сайловга тайёргарлик кўриш, сайловни ўтказиш, овоз бериш билан боғлиқ қатор ўзгаришлар ушбу кодексдан ўрин олди. Шу муносабат билан айтиб ўтишим керак, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида барча сайлов округлари, участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар уч кунлик махсус дастурлар асосида ўқитилаяпти. Бу бежиз эмас. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, ҳозирда 51 мингдан зиёд сайлов ташкилотчилари, яъни комиссия аъзолари 2 кунлик ўқув машғулотларини ўташди.


 

Шуҳрат ФАЙЗИЕВ,

Марказий сайлов комиссияси Ўқув маркази директори:

“Сайлов 2019” мобил иловаси ишга туширилди”

— Бу йилги сайловга тайёргарлик жараёнлари ўзгача кечаяпти. Комиссия аъзоларини ўқитишга мўлжалланган ўқув дастурларида сайлов жараёнларини муносиб ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва хорижий кузатувчилар билан ишлаш тартиблари батафсил жамланган.

Албатта, ҳеч кимни сайлов қонунчилигини ўрганишга, янги Сайлов кодекси билан танишишига мажбурлаб бўлмайди. Аммо биз ҳозир аҳолининг кўпгина қатламлари, ишчи-ходимлар, талабалар, маҳалла аҳли, ёшу кекса, фаол ёшлар, фаол бўлмаганлар — барча барчага ҳеч қандай савол қолдирмайдиган даражада сайлов билан боғлиқ тушунчаларни бериб боришни мақсад қилдик. Мақсадимиз халқимиз фаол равишда фуқаролик позициясини кўрсатсин. Яқинда, ҳали бир ҳафта ҳам бўлмади, Марказий сайлов комиссияси томонидан “Сайлов 2019” мобил иловаси ишга туширилди. Мобил иловада бу йилги сайлов жараёнлари билан боғлиқ барча маълумотлар мавжуд. Демак, бугун кўчада, уйда, ишхонада, хоҳлаган жойда мобил телефонларимиз орқали сайлов жараёнлари ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятимиз бор.

Сайлов кодексида 30 дан ошиқ янги нормалар бор. Янги нормалар билан киритилган ўзгартиришлардан бири сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилиши бўлди. Сайлов жараёнларини сайловчилар рўйхатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Илгари ҳам сайловчилар рўйхати бўлган. Маълумотлар маҳалла фуқаролар йиғинларидан олинган. Бунда эса кўпинча англашилмовчиликлар юз берган. Чалкашликларнинг олдини олиш учун Президентимиз Қарори билан 6 октябрда Ягона электрон сайловчилар рўйхати тузилди. Бу орқали сайловчиларнинг ягона аниқ яшаш манзили бўйича ишончли рўйхат шаклланди. Ушбу ягона электрон тизим орқали ишлашда ҳар бир участка комиссиялари учун ҳозирда биттадан операторларни ҳам ўқитаяпмиз.

Тадбир давомида бу йилги сайловларда Сайлов кодексига мувофиқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан ­озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар ҳам сайлашлари мумкинлиги ҳақида фикр юритилди. Марказий сайлов комиссияси вакилларининг айтишича, бундай шахсларнинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун уларга (озодликдан маҳрум этиш жойларига) кўчма қутилар олиб борилади.


 

Суяржон ҚУРБОНҚУЛОВ,

Марказий сайлов комиссияси аъзоси:

“Хорижда ҳам сайлов участкалари ташкил этилмоқда”

— Сайлов жараёнларига айни дамда икки ойдан камроқ вақт қолди. Сайловни ҳар томонлама муносиб ташкиллаштириш учун ҳаракат бошладик. Бугунги кунга қадар мамлакатимизда 150 та сайлов округи ташкил этилди ва улар ўз фаолиятини бошлади. Маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказиш учун эса 6567 та округ сайлов комиссиялари ҳам ўз ишларини бошлаб юбордилар. Яхши биламизки, қонунчиликда сайловга 60 кун қолганида сайлов участкалари ташкил этилиши керак. Сайлов участкалари маҳаллий ҳокимликлар тавсиясига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Бугунги кунги маълумот бўйича ҳозир 10 250 та сайлов участкаси тузилди. Бу жараён қонунчиликка кўра сайловга 7 кун қолганида ҳам давом этади, бу дегани рақамлар ҳали ўзгариши ҳам мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида биз хорижий мамлакатларда ҳам сайлов ­участкаларини ташкил ­этиш масаласини кўриб чиқдик. Бугунга қадар хорижий мамлакатларда хизмат сафарида бўлган, ўша ерда яшаётган ватандошларимизга конституцион ҳуқуқларини ижро этишларига шароит яратиш мақсадида 53 та сайлов участкаси тузилди. Ҳозирда Россияда ва яна бир қанча хорижий мамлакатлардаги элчихоналаримизда сайлов участкалари ташкил этилмоқда. Савол туғилади, бу йилги сайловлар ­учун ҳозир қандай жараён кетаяпти? Сайлов қонунчилигига мувофиқ, сайловга 40 кун қолганида участка сайлов комиссиялари ишини бошлаши керак. Участка сайлов комиссияларининг тузилиш тартиби қонунчиликда белгилангандек, аввало, бу номзодларни фуқароларнинг ­ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилот, корхона, муассасалар тегишли шаҳар, туман Кенгашларига кўриб чиқиш учун тавсия этадилар. Шаҳар, туман Кенгашларининг сессияларида депутатлар бу номзодларни кўриб чиқадилар ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун округ сайлов комиссиясига берадилар. Нима ­учун бу масалага тўхталаяпман? Биламизки, сайловларнинг ­асосий жараёнлари участка сайлов комиссиясида бўлади. Сайловчилар ҳам худди шу ерда ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Овоз бериш жараёни шу ерда бўлади, кузатувчилар ҳам шу ерда бўлади. Шу сабабли сайлов жараёни ­ишончли, шаффоф бўлишига ҳамиша биринчи масала сифатида қарашимиз лозим. Ҳозирда округ сайлов комиссиялари участка сайлов комиссиясига ҳар томонлама муносиб, омма орасида ҳурмат-­эътиборга сазовор бўлган, билимли, сайлов жараёнида аввал ҳам иштирок этган тажрибали номзодларни тав­сия ­этишаяпти. Мақсад бўладиган сайлов жараёнларида участка сайлов комиссияларининг фаолиятини қонуний, адолатли ташкил этишдир.

Мадҳия АВАЗОВА, “Инсон ва қонун” мухбири