-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Жиноятлар қандай очилади? Ҳақиқатни аниқлаш принципи (2019 йил, 43 сон)

31.10.2019

ЎЗБЕКИСТОН жиноят-­процессуал қонунчилигининг вазифалари жиноятларни тез ва тўла ­очиш, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо бериш, айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги учун айбдорларни фош этиш ҳамда қонуннинг тўғри татбиқ этилишини таъминлашдан иборатдир.

Шу мақсадда, жиноят-процессуал кодексида ҳақиқатни аниқлаш принципи мустаҳкамланган бўлиб, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилган ушбу умумэътироф этилган тамойил асосида жиноят ишини юритишга масъул бўлган органлар зиммасига жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаш вазифаси юклатилган. Унга кўра, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкин, шунингдек, гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш ман этилади.

Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган ­усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаат­лар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда мажбурий текширилиши лозим.

 

Ишончли далил

Жиноят иши доирасида шахсни айбдор ёки айбсиз эканлигини исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул, яъни яроқсиз, деб топилишига олиб келади.

Шу сабабли, қонун далиллар мақбуллигига оид шартларни белгилаган бўлиб, унга кўра далил уни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан ва қайд этилган манбалардан олинган бўлиши, далилни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга ва натижаларининг қайд этилишига доир қоидалар ва тартибга риоя этилган бўлиши шарт.

Амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигига кўра, далиллар қуйидагича тўпланади:

  • ·         тергов ва суд ҳаракатларини юритиш;
  • ·         гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини, гувоҳни, жабрланувчини, экспертни сўроқ қилиш;
  • ·         юзлаштириш;
  • ·         таниб олиш учун кўрсатиш;
  • ·         кўрсатувни ҳодиса рўй берган жойда текшириш;
  • ·         олиб қўйиш;
  • ·         тинтув;
  • ·         кўздан кечириш;
  • ·         гувоҳлантириш;
  • ·         мурдани эксгумация қилиш;
  • ·         эксперимент ўтказиш;
  • ·         экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ­учун намуналар олиш;
  • ·         экспертиза ва тафтиш тайинлаш;
  • ·         тақдим этилган ашёлар ва ҳужжатларни қабул қилиш;
  • ·         телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилган сўзлашувларни эшитиш;
  • ·         тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш.

Ҳозирда далилларни тўплаш жараёни шартли равишда иккига бўлинади, яъни жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан ҳамда суд муҳокамаси давомида суд томонидан қонунда бегиланган тартибда далиллар тўплаш ва мустаҳкамлаш мумкин. Бундан ташқари, тергов давомида тўпланган далиллар суд муҳокамаси давомида қайта текширилади ва қонуний ҳамда асослилиги нуқтаи назаридан баҳоланади.

Аммо амалдаги қонунчилик нормалари жиноят процесси иштирокчиларига ўз важларини исботлаш ва шу йўл орқали қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни назарда тутмайди. Таҳлиллар ва хорижий давлатлар тажрибаси далилларни тўплаш ва мус­таҳкамлашнинг амалдаги механизмларини янада такомиллаштиришни, жиноят процессида ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсларга кенг ҳуқуқий шароит яратишни тақозо этмоқда.

Масалан, ҳозир бизда терговга қадар иш юритув даврида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш масаласида суднинг иштироки чегараланган. Жиноят иши давомида эса объектив ҳолатларга кўра далилларни кечиктирмасдан мустаҳкамлаш зарурати вужудга келиши мумкин. Хусусан, иш бўйича муҳим гувоҳларнинг оғир касаллиги, хорижий давлатга кетиши ва бошқа объектив сабаблар уларнинг кўрсатувларини ўз вақтида далил сифатида расмийлаштиришни тақозо этади.

Бундан ташқари, суд амалиётида айрим гувоҳлар турли сабаблар билан хусусан, тергов органи томонидан босим бўлганлиги важини келтириб, ўзларининг дастлабки терговдаги кўрсатувларини ўзгартириш ҳолатлари учрайди, шунингдек, иш бўйича ёзма ёки ашёвий далиллар ­ўзининг табиий хусусиятига кўра суд муҳокамаси бошлангунга қадар йўқ бўлиб кетиши мумкин.

 

Нима қилиш керак?

Ўзбекистон жиноят-процессуал қонунчилигига судга қадар иш юритув даврида тарафларнинг ташаббусларига кўра суд тартибида далилларни мустаҳкамлаш (сақлаш) институтини киритишни таклиф этамиз.

Унга кўра, объектив сабаблар (оғир касаллик, хорижий давлатга кетиш, гувоҳ ­ёки жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш ва б.) туфайли жабрланувчини ёки гувоҳни кейинчалик сўроқ қилиш имконияти бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида ­етарли асослар мавжуд бўлганда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки унинг ҳимоячиси, жабрланувчи ёки унинг вакили, шунинг­дек, терговчи судга далилни мустаҳкамлаш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлади. Суд муҳокамаси умумий қоидаларга риоя қилган ҳолда жиноят ­иши доирасида тарафлар, жумладан, давлат айбловчиси иштирокида ўтказилиб, натижасига кўра баённома расмийлаштирилади, шунингдек, ишнинг ҳолатидан келиб чиқиб, видеотасвирга олинади ҳамда ке­йинчалик жиноят иши бўйича суд муҳокамаси даврида далил сифатида қўлланилиши мумкин.

Далилларни суд тартибида мустаҳкамлашни жорий этиш орқали терговчи томонидан қонунда белгиланган тартибга риоя этилиши устидан суд назоратини ўрнатиш, кўрсатувларни ўрнатилган тартибда расмийлаштириш, тарафларга қарама-қарши томон савол бериш ҳуқуқини бериши, шунингдек, далиллар бевосита суд томонидан ўрганилишига имкон яратилади.

Тергов амалиётида гумон қилинувчи ва айбланувчининг кўрсатувлари жиноят ­иши бўйича асосий далил сифатида эътироф этилган ҳолатларни учратиш мумкин. Ваҳоланки, гумон қилинувчи ва айбланувчининг энг асосий ҳуқуқларидан бири бу кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқидир. Бу борада амалдаги қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар гумон қилинувчи ва айбланувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига имкон бериши мумкин. Жумладан, шахс гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан қарор чиқарилгандан кейингина шундай мақомга эга бўлади ва шундан сўнг у гумон қилинувчи ёки айбланувчининг ҳуқуқларидан, жумладан, кўрсатувлар беришдан бош тортиш ҳуқуқидан фойдаланади. Бизда ­эса унга қадар, яъни шахс гумон қилинувчи ёки айб­ланувчи сифатида эътироф этилмасдан туриб, суриштирув ва дастлабки тергов органи томонидан шахс гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниши ва ундан тегиш­ли тушунтириш хатлари олиниши ­амалиёти мавжуд. Бу ҳолат жиноят-процес­суал қонунчилигида мазкур масалада аниқ ҳуқуқий чегаранинг белгиланмаганлигини кўрсатади.

Амалдаги қонун талабига кўра, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг асослардан биттаси мавжудлигини бевосита кўриб ёки бош­қа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа, гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдириши ва ундан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт. Шу билан бирга, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, шунингдек, у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шарт.

 

Янги норма керак

 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, шахсни жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун етарли асослар (шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса; жиноят шоҳидлари, шу жумладан, жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар; унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ­ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса) мавжуд бўлган ҳолларда ҳам унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг ҳуқуқлари тушунтирилмасдан, уни ёлғон кўрсатув берганлик ва кўрсатув беришдан бош тортганлик учун огоҳлантирган ҳолда гувоҳ сифатида сўроқ қилиш ва ёзма равишда олинган кўрсатувларни ке­йинчалик унинг ўзига қарши қўллаш ҳолатларини учратиш мумкин.

Шу сабабли амалдаги қонунчиликка шахсни жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун етарли асослар мавжуд бўлган ҳолларда унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг ҳуқуқлари тушунтирилмасдан, гувоҳ сифатида сўроқ қилиш ва ҳар қандай кўринишда ёзма тушунтиришлар ­олишни тақиқловчи норма киритиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, ушбу қоида бузилган ҳолда олинган кўрсатувлар номақбул далил, деб топилиши ва айблов асосига қўйилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши керак.

Шу билан бирга, шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқарилишини таъминлаш ва халқаро миқёсда умумэътироф этилган ва мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигида ўз аксини топган “Миранда қонуни”нинг самарали ишлашига эришиш мақсадида шахсни ушлаш ва унга ҳуқуқларини тушунтириш, ундан ашёвий далилни олиш (кечиктириб бўлмайдиган ҳоллардан ташқари) видеотасвирга олиниши шарт ҳамда дастлабки тергов жараёнининг ҳар қандай босқичида ҳимоячидан воз кечиш жараёнини видеотасвирга олишнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш замон талабидир.

 

Мавлон ҒАФУРОВ,

Ҳуқуқшунос