-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Интернет ишқибозларининг болалари нега интернетдан тақиқда?.. (2019 йил, 43 сон)

04.11.2019

АНГЛИЯ қироллигининг шаҳзодаси тўрт ёшли Жорж мактабга борди. У Лондондаги шахсий мактаблардан бирида таҳсил олади. Оммавий ахборот воситалари шаҳзодага илм берадиган “Tomas’s Battersea” мактаби ҳақида маълумот берди. Масалан, таомномада тез тайёр бўладиган овқатлар йўқ. Болаларни фақат иссиқ таомлар билан сийлашар экан. Энг қизиғи, бу мактабда компьютер ва гаджетлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.

IТнинг фикрича, компьютерлар болаларнинг ижодий имкониятини чеклайди, шунингдек, олға интилишига қўймайди. Энг ёмони, диққатини ҳам ўғирлайди.

“Таълим бу — одамга хос туйғуларни ҳис қилиб, яшаш тажрибасини ўрганиш, дейди педагог-новатор Пол Томас. Савод чиқаришу фикрлаш қобилиятининг ўсишида технология фақат халал беради ва боланинг диққатини чалғитади, холос”.

Энг қизиғи, дунёнинг бадавлат одамлари болаларини эскича усулда ўқитадиган мактабларга ўқишга бериб, ўзини замондан орқада қолган, деб ҳисобламайди, аксинча, улар гаджетга қул бўлмаган, мустақил фикрлаш қобилиятига эга фарзанд ўстириб, келажак учун қайғурмоқда.

Ақлли одамлар “замонавий”ларидан бошқачароқ йўл тутади. Бутун дунё одамлари ҳали гапириб улгурмаган боласини кўтариб, интернет атрофида парвона бўлаётган бир пайтда техника ихтирочилари фарзандига компьютер ҳақида тасаввур уйғотишни ҳам маъқул кўрмаяпти. Селикон водийсидаги ихтирочиларнинг фарзандлари “Waldorf of the Peninsula” (Уолдорф ярим ороллари) номли мактабда таҳсил олишади. Мазкур илм даргоҳининг биноси АҚШдаги бошқа иморатлардан эскилиги билан ажралиб туради. Масалан, синф хоналарига кирсангиз, кўз олдингизда ўтган асрнинг 50-йиллари намоён бўлади. Эски ёғоч парталар, доска, рангли бўр ва қадимий китоблар... Ҳеч қандай планшету компьютерлардан асар йўқ. Бу мактабнинг болалари интернетдан маълумот изламайди, аксинча, китоб ва варақ титкилаб илм ўрганади. Китоб, дафтардан ташқари, қалам, бўёқ, қоғозли алифбо, ўқув адабиётлари ҳар бир ўқувчининг ўқув қуроли саналади. Мактаб ўқувчиларининг ҳеч бири гаджетлардан фойдаланмайди. Болалар бундай имкониятдан нафақат синф хонасида, балки уйда ҳам маҳрум ­этилган.

Бундан ўн-ўн беш йил аввал компьютер билимдонлари ҳам болалар тарбиясида худди шундай усулни қўллаб-қувватлаган эдилар.

Қудратли “еBay” корпорациясининг техник директори ўз фарзандини компьютери йўқ мактабга олиб боради. Силикон водийсининг бошқа гигантлари: Google, Apple, Yahoo, Hewlett-Packardнинг энг кўп пул тўланадиган ходимлари ҳам иккиланиб ўтирмасдан шундай йўл тутишди.

Бугун замонавий аёлларнинг бири: “Менинг болам икки ёшдан планшетда ўйнашни қотиради”, деб мақтанса, иккинчиси: “Ўғлим 7 ёшда ­ютубда канал очди”, деб унисидан ўтиб тушмоқчи бўлади. Ҳамма ёппасига фарзандини компьютер ва интернет тармоқлари ривожланган, шароити зўр мактаб­га беришга ҳаракат қилади. Унда “Ручка билан ёзиб ўргатишга не ҳожат? Чиройли ҳуснихат, деб ўқитувчилар бошни қотиради. Бундай талаблар эскириб бўлди-ку! Янги замон ўқувчисига янгича талаб қўйиш керак”, дейдиган ота-оналар орамизда жуда кўп. Бу гаплари билан улар анъанавий таълим тизимига очиқ-ойдин эътироз билдиришаяпти. Баъзилари эса: “Нега ўтган асрда яшаб ўтган шоирнинг шеърини ёдлашга болани мажбурлайсиз? Ундан кўра, уларга компьютерда дастурлаш сирларини ўргатсангиз, нур устига ­аъло нур бўлар эди”, дейди.

Бироқ бугунги шиддатли замон ёшларининг хулқи ва саводхонлик даражаси “замонавий ­ота-оналар” ­ўзини-ўзи алдаётганини кўрсатмоқда.

 

Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади.