-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сезмаяпсизми, бизга қандай даҳшат ёпирилмоқда?! (2019 йил, 44 сон)

08.11.2019

БУГУН оммавий ахборот воситалари маълумот тарқатишда чек-чегарасиз маконга эга. Хусусан, ХXI асрнинг илғор технологиялари ҳозиргина интернетга жойлаштирилган хабарни ярим дақиқа ўтмай дунёнинг нариги чеккаси — Америка ёки Африкадагиларга ўқиш ва кўриш имконини беради. Албатта, кашфиёт эгалари бу билан ҳар қанча ғурурланса арзийди. Лекин бу юксалиш баробарида кишини ўйлантираётган яна бир масала ҳам бор. Бу виртуал олам етказган маҳсулот инсониятга қандай маънавий озуқа беради? Мулоҳаза қилишга ундаётган асл муаммо ана шунда!

Тан олиш керак, бугун интернет оламига муккасидан кетган одамларнинг аксарияти шов-­шувларга сабаб бўлаётган маълумотлардан баҳраманд бўлишмоқда. Аниқроғи, сайтлардаги исботланган-исботланмаган хабарлар мундарижаси улар нигоҳини ўзига жалб қилиб олган. Жумладан, кўплаб сайтлар бировнинг фожиали ўлими, кимдир бошқасини тунагани, яна кимнингдир ёнғин ёки автоҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмгани, қайсидир киши катта талон-торожликка қўл уриб бойигани ва яна қайсиларидир ваҳшийлик, зўравонлик, беҳаёликни “дос­тон” қилиш орқали машҳур.

Чунки улардаги бир-биридан қўрқинчли, ваҳимали сарлавҳалар, масалан, “Болта билан 15 марта чопилган қиз”, “Ўз эри ва укасини жазманига ўлдиртирган қотил”, “Хотин эрини нимага чопиб ташлади?”, “Қўшнисини тирик­лай ёқиб юборган инсон”, “Ота ўз фарзандини чопиб ташлади”, “Падаркуш ўғил”, “Боласини сотган она”, “Номуссиз қиз” ва ҳоказолар ҳар қандай киши диққат-эътиборини тортиши табиий. Айниқса, бу каби сарлавҳалар шусиз ҳам бутун вужуди ила интернет олами билан “дўстлашиб” бораётган одам­ларни янада “михланиб” қолишида кучли восита бўлмоқда. Ачинарлиси, аксарият 
инсонларда бу каби мавзулар билан танишиш иштиёқи ортиб бормоқда.

 

Уйдаги гап кўчага чиқса...

Шу ўринда савол туғилади. Бу мавзуларнинг одамлар учун қандай тарбиявий аҳамияти бор?

Ҳаётимизда онда-сонда учраб турадиган воқеликларни, хонадон хулқи билан боғлиқ масалаларни, гап-гаштакларни ­оши­риб-тошириб кўрсатишдан қанчалик манфаат кўришимиз мумкин? Қисмати оғир бир-икки инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топа олмаганини бутун бир миллатнинг фожиаси, деб жар солиш билан нимага эришамиз? Бу оғриқли муаммоларни уйимиз, оиламиз, маҳалламиз, яқинларимиз ёки тегишли муассасалар кўмагида ҳал қилсак бўлмайдими? Уни кўчага, бутун оламга олиб чиқиб ёйган билан масала ечим топадими? Ёинки, ўша фожианинг олди олинадими? Аксинча, уйимиздаги гап кўчага чиқиб, ўзимизгагина тегишли бўлган кўнгил сиримиз, оиламиз, яқинларимизнинг яхши-­ёмон кечмишларини дастурхон қилиб ёйганимиз одатларимизга қанчалик тўғри келади. Албатта, тушуниб-тушунмай тарқатган шов-шувлардан сўнг эл-юрт олдида бошимиз эгилиб, руҳий ва маънавий ботинимизга зарар етказишимиз мумкин. Бу борада қадриятларимизда, қадимий ҳикматлар дарж этилган бисотимизда донишманд аждодларимизнинг талайгина ўгитлари лутф этилган. “Уят ўлимдан қаттиқ”, “Бор борини ейди — уятсиз орини”, “Ҳаёсизга ҳар кун ҳа­йит”, “Мол сақлама, ор сақла”, дея қилган панд-насиҳатлари шулар жумласидандир.

Орсизликдан қўрқаман!

Агар эсингизда бўлса, машҳур адиб Ғафур Ғулом асари асосида яратилган “Шум бола” фильмида шундай лавҳа бор. Фильм қаҳрамони Қоравой бойотадан иш ҳақи эвазига олган бир қоп олмани бозорга сотгани борганида дўсти Омон билан учрашиб қолади. Икки дўст савдодан тушган ақчадан хурсанд бўлиб қорнини тўйғазади. Сўнгра хориждан келган цирк жарчисининг овозини эшитиб, оломон тўпланган ўйин жойига қизиқиб боришади. Гавжум бозорда жарчи шов-шув кўтариб цирк ўйинчисини таништира бош­лайди.

— Бу киши Шарлотта хоним. ­Унинг итлари Петербургдаги ­олий мадрасада ўқиган. Хитой тилида 50 гача санайди. Оврўпанинг 8 тилида гаплаша олади. Бу Эмилия хоним. Бутун фаранг, герман давлатига боради. У кишининг антиқа ўйинларидан айримларини кўриб турибсиз. Чодири айвонга марҳамат, дея жар солишдан тўхтамайди. Чодир саҳнида эса цирк либосидаги ­аёл худди илон каби эшилиб ­ўйин кўрсатади.

Шунда Қоравой дўстига қарата “тушамизми”, — дея сўрайди.

— Йўқ, — дейди Омон.

— Нега, — дея ҳайратланиб сўрайди Қоравой.

— Биринчидан қиммат, иккинчидан Марямхон қип яланғоч ўйинга тушаркан, мен яланғоч хотиндан қўрқаман, дейди ­Омон. Дўстлар навбатдаги томошага боришади. У ерда ҳам яна бир томоша кўрсатувчи ­одамларни ўзига жалб этади. Қоравой ва Омон унинг ёнига бориб, фотосуратлар қутисига бош суқиб ундаги суратларни томоша қила бошлайди.

— Ана энди дунёдаги энг антиқа мўъжиза. Унинг кашф-кароматини гермонлар ўйлаб топган, — дейди у. — Бу тўлдирилган пуфак бир варакайига 15 кишини осмону фалакка кўтариб учади. Бу киши Валентина Фёдоровна. Оқпошшо ҳазратларининг энагалари. Яқинда ичбуруғдан қазо қилган. Экранда Сиз гермон подшоси билан...

— Нима, бизни кўр, деяпсизми, гермон подшосига бало борми, яланғоч хотин-ку бу, — дейди Қоравой.

— Туф, — дейди Омон ҳам дўс­тининг гапини тасдиқлагандек.

Ушбу лавҳани қайта-қайта томоша қилдим. Бу икки ўспирин боланинг ўша пайтда миллатимиз учун ёт бўлган ўзгаларнинг ҳаракатларига муносабати кишини беихтиёр мулоҳаза қилишга ундайди. Ҳув ўша, ҳали технология ривожланмаган даврда ҳам ўз замонига хос ва мос тарзда ёт ғоялар хуружи бўлган. Лекин ўша давр одамлари бу ёт ғояларга қарши онгли равишда қаршилик кўрсата олишган экан. Бироқ бугунги кун одамларида ҳам шундай онгли тафаккур, уйғоқлик бор, дея
­оламизми? Фильмдаги Омон каби яланғоч аёлларни томоша қилишдан қўрқадими? Ёки Қоравой сингари яланғоч суратларни кўришдан юз ўгириб кета олишармикин? Истиҳола билан айта оламизки, бугунги авлод бундайин суратларни кўравериб кўзлари пишган, қолаверса, “жонли” видео тасвирлар томошасидан ҳам зерикиб бўлган. Бундай иддао қилишимизга сабаб, яқинда интернет сайтларини кузатиб “Чимилдиқдан жонли видео” деган сарлавҳага кўзим тушди. Сарлавҳани ўзиданоқ англашимиз мумкинки, айрим замондошларимиз Қоравой ва Омон сингари ўзлигини ҳи­моя қилиш ўрнига, аждодларимиз ­азиз билган муқаддас гўшани ҳам беҳаёларча топташга бориб етган. Ишонамизки, миллий ­одоб-ахлоқ руҳида тарбия топ­ган онги соғлом инсон борки, одамзодга пинҳонликда буюрилган ҳаракатларни бунчалар тубан кетиб намойиш этмайди. Бироқ...

 

Қулоч ёзаётган “тараққиёт”

Албатта, интернет оламида сониялар ўтиб улгурмай тарқалаётган зўравонлик, шафқатсизлик, ҳаёсизлик каби намо­йишларни ким инкор қила олади. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган хавф-хатарлардан кўз юмиб бўладими?

Шу ўринда айтиш лозимки, дунё миқёсида глобаллашув­нинг кенг қулоч ёйиши билан, гўё барча миллат ва элатлар маданиятининг қоришмаси бўлиши ва барча томонидан бирдек қабул қилиниши лозим бўлган “оммавий маданият” қисқа вақт ичида кишилик жамиятини ичидан емиришга қодир кучга айланиб улгурди. У асрлар оша етиб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига беписандлик, ўзлигидан мутлақо бегоналашиб кетишга олиб келадиган ёт ғоялар кўринишида намоён бўлмоқда. Бу эса, кишини ўзлигидан, миллийлигидан маҳрум қилади, унинг мафкуравий иммунитетини парчалаб ташлайди. Инсониятнинг энг бебаҳо бойлиги бўлмиш ахлоқий фазилатлар, бир сўз билан айт­ганда, юксак аҳлоқий мезонлар асосида яшаш шахс эркинлиги ғояси оқибатида нураб боради.

Бироқ ҳар бир ҳаракатимизда шарм-ҳаё, андиша, орият каби ахлоқий кўринишлар, аввало, оилада шаклланади, маънавий қиёфасини топади. Ўзлигини, миллий қадриятларини қадрлаган, аждодлари қолдирган ноёб меросларни эъзозлаган, онгу шуурига инсоний тамойиллар сингдирилган халқнинг маъна­вий оламини эса ҳеч бир бузғунчи тўфонлар ёриб ўтолмайди.

Гулсум ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири