-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сайёр қабулда тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди (2019 йил, 44 сон)

08.11.2019

АДЛИЯ вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрида “International House-Tashkent” ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг академик лицейларида тадбиркорлик субъект­лари билан сайёр учрашувлар ўтказилди.

Ушбу тадбирлар Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган сайёр қабулда 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва чет эл инвесторлари иштирок этди. Улардан 50 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Мазкур учрашувни ўтказишдан асосий мақсад тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ҳуқуқий амалий ёрдам бериш ҳисобланади.

Хусусан, ўтказилган учрашувда муро­жаатчилар томонидан ер участкаси ва кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, божхона ва солиқ тўловлари ҳамда бошқа бир қатор масалалар кўтарилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банкларининг фаолиятига бевосита тааллуқли бўлган айрим муаммо­лари жойида ҳал этилди.

Масалан, “Exim Serlen Hoque Corporation” масъулияти чекланган жамиятининг ТИФ “Миллий банк” Мирзо Улуғбек филиали томонидан 600 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилмаётганлиги ҳамда “Technology Hadjar Export” масъулияти чекланган жамиятининг 30 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаатлари Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан қисқа муддатда ҳал этилиши белгиланди.

Шунингдек, “Super Ardua” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган ер майдонида қурилишларни амалга ошириш борасидаги муаммолари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, Республика ишчи гуруҳининг жойларда ўтказилган учрашувлари давомида тадбиркорлик субъектлари ўзларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб олди.

Маълумот учун: Адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг июнь ойидан буён 9 та ҳудудда ўтказилган сайёр қабуллар давомида 6 000 га яқин тадбиркорлардан 1 155 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 93,5 фоизи ҳал этилди.

Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, мазкур учрашувлар республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.